19 декабрь куни Twitter эгаси ва бош директори Илон Маск ўз саҳифасига ижтимоий тармоқ раҳбари лавозимидан кетиши керак ёки йўқлиги ҳақида сўровнома жойлаштирган эди. Фойдаланувчиларнинг кўпчилиги Маскнинг кетишини ёқлаб овоз берди, шу муносабат билан у муносиб давомчи топганидан кейин ўз лавозимини тарк этишга ваъда берди.
«Бош директор лавозимига бу ишни ўз зиммасига олиш учун етарлича калтафаҳм бўлган одамни топишим билан, бош директор лавозимидан кетаман! Шундан кейин ишлаб чиқувчилар ва серверларга хизмат кўрсатиш бўйича мутахассис жамоасига раҳбарлик қиламан, холос», — деб ёзди Илон Маск ўз саҳифасида.
CNBC телеканали Маск бу сўровномани эълон қилишидан аввалроқ Twitter учун янги раҳбар қидиришни бошлаганини маълум қилди. Бизнесмен ижтимоий тармоққа шу йилнинг 28 октябридан буён раҳбарлик қилмоқда: бу вақт ичида у Twitter’да бир қатор ислоҳотлар ўтказди, улар платформа аудиторияси, жамоат арбоблари ва сиёсатчилар орасида турли муносабатларга сабаб бўлди.
Илон Маск Twitter’ни 44 миллиард долларга сотиб олди. Ўшандан буён у кўплаб шов-шувли қарорларни қабул қилмоқда. Чунончи, у кўк верификация белгисини пулли қилиб қўйди, ходимларнинг ярмини ишдан бўшатди, Дональд Трампнинг аккаунтини блокдан чиқарди ва, гўёки, жосуслик билан шуғулланган журналистлар аккаунтларини блоклаб қўйди.
Изоҳ (0)