21 декабрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Францияда ҳокимият тепасига келган де Голл, Кипрдаги «Қонли Рождество» ҳамда Шотландияда портлатилган самолётга оид фактлар ўрин олган.
«НАТО ҳозирга қадар тиш қайрайдиган де Голл»
Бундан 64 йил олдин 21 декабрь куни Францияда ҳарбий генерал Шарл де Голл ҳокимият тепасига келганди. Бешинчи Республика асосчиси бўлган президент мамлакатни оғир инқироздан олиб чиқиб, мустақил ташқи сиёсат юритган, бироқ унинг авторитар услуби давлатда янги инқилобий вазиятни келтириб чиқарганди.Генерал Шарл де Голл Францияда ҳокимият тепасига икки маротаба келган. Биринчи сафар — 1944 йилда, урушдан кейини ҳаётни ташкиллаштириш бўйича мураккаб вазифа турганида. Иккинчиси — 1958 йилда Франция колонияси ҳисобланган Жазоирда вазият кескинлашганида.
Жазоирда бир неча йил давом этган уруш у ерда жанг қилаётган французларда ҳукумат Африка колониясидан воз кечади деган қўрқувни уйғотган. 1958 йил 13 май куни мустамлакачиларнинг маъмурий биносини эгаллаган ва Парижга, дэ Голлга атаб телеграмма юборган ва ундан янги халқ бирдамлиги ҳукуматини тузишни сўраган.
«Мана 12 йилдирки Франция партиянинг кучи етмайдиган муаммони ечишга уринмоқда ва ҳалокат томон боряпти. Бир сафар мамлакат менга ўзини қутқариш учун имконият берганди. Бугун мамлакат яна янги синов қаршисида турибди ва билсинки, мен республиканинг барча ваколатларини ўз зиммамга олишга тайёрман», — деган де Голл.
Бундай кучли сўзлар ортидан қатъий ҳаракатлар амалга оширилган. Ўзига ишонч билдирган ҳарбийлар генерал ортидан эргашиши мумкинлигидан хавотирга тушган Франциянинг ўша вақтдаги президенти Рене Коти де Голлга янги ҳукумат шакллантиришни таклиф қилади.
Де Голл бош вазир лавозимида узоқ ўтирмаган — 1958 йилнинг июнидан 1959 йил январга қадар. Ўша йилнинг январида у президент этиб сайланган. Ушбу лавозимда у энг муҳим ишларни амалга оширган — халқнинг президентни сайлаши ҳамда давлат раҳбари ва парламент функцияларини ажратишга олиб келган конституциявий ислоҳотларни ўтказган. Ислоҳот қарийб 80 фоиз овоз билан қўллаб-қувватланган. Де Голлнинг ўзи эски тизим бўйича президент сифатида сайланган бўлса-да, унинг мазкур лавозимга келиши билан Бешинчи республиканинг туғилиши бошланган.
Жазоирдаги вазият пайтида ҳокимиятга қайтган де Голл бир вақтнинг ўзида бу Африка ҳудудини ҳар қандай ҳолатда ҳам Франция таъсири остида ушлаб туришга интилмаган. Аммо генерал-президент жамиятга муаммонинг бир нечта ечимини таклиф этган — Жазоирга Франция билан боғлиқ ҳудуд мақомини беришдан тортиб, муносабатларни бутунлай узиш ва ушбу мамлакатда Парижга дўст бўлган ҳукуматни тузишгача.
Де Голлнинг иккинчи президентлик муддати ташқи сиёсатдаги фаол қадамлар билан давом этган. Франция ташқи сиёсатининг мустақиллигини тасдиқлаб, мамлакат НАТО ҳарбий ташкилотидан чиқарилган. Ташкилотнинг штаб-квартираси Париждан Брюсселга кўчирилган. Ҳамма нарса тезкорлик билан амалга оширилган, дунёдаги энг кучли ташкилотлардан бири собиқ шифохонанинг ноаниқ биносида узоқ йиллар қолиб кетган. НАТО офицерлари «ҳозирга қадар Франция президентига тиш қайраб келишлари» ҳақида айтилади.
Де Голлнинг ҳаракатлари Вашингтонда қораланган бўлса, СССРда эса аксинча, катта ҳайрат билан қарши олинган. 1966 йилда Франция президенти СССРга биринчи марта расмий ташриф билан йўл олади, аммо бу мамлакатга иккинчи сафар эди. Де Голл Москвага 1944 йилда Франция номидан нацистларга қарши курашаётганлар етакчиси сифатида ҳам келган.
Ҳеч қачон коммунистик ғоялар тарафдори бўлганман де Голл доимо Россияга илиқ муносабатда бўлган. Москвага уни биринчи навбатда сиёсат жалб этарди. Де Голл қарши кучга муҳтож эди ва шу сабабли СССР ҳамда унинг иттифоқчилари билан яқинлашган.
Франция президентининг СССРга ташрифи якунлари бўйича бир неча муҳим ҳужжат имзоланган. Аммо икки давлат ўртасида аслида яқинлик бўлиши мумкин эмасди — улар сиёсат ва иқтисод борасидаги буткул ўзгача йўлга эга эди.
Халқаро майдондаги муваффақиятларига қарамай, де Голл биринчи президентлик муддатининг якунида мамлакат ичидаги инқирозга дуч келади. Биринчи етти йиллик муддат якунлангач, генерал яна Франция президенти сифатида сайланиш ниятида бўлган. Де Голл сайловда ғалаба қозонган, фақат иккинчи турда — у асосий танқидчиси социалист Франсуа Миттерандан кўпроқ овоз тўплаганди.
Иккинчи тур ва Миттераннинг машҳурлиги Қаршилик афсонасининг машҳурлиги пасайишидан далолат берарди. Бунга иқтисодиётдаги муаммолар, қуролланиш пойгаси ва генералнинг асосан авторитар бошқарув услубини танқид қилиниши сабаб бўлган. Де Голл рақибларининг таъкидлашича, у ўз ҳокимияти легитимлиги учун давлат телевидениесидан мунтазам фойдаланган.
Сиёсий инқироз ҳақиқий инқилобий вазиятни келтириб чиқарган — Париж ва Сорбонна университетларининг таълим тизимидаги аҳволдан норози талабалари исён кўтарган. Уларнинг бошида сўл радикал фаоллар турган бўлиб, кейинчалик уларга касаба уюшмалари қўйилган. Ўн минглаб инсонлар кўчаларни ёпиб қўйиб, полиция ва жандармлар билан қаршиликларга киришган.
Де Гол кўплаб вазирларнинг маслаҳатига қарамай, намойишчилар билан музокара ўтказишни истамаган. «Сиёсатни театрга айлантирган де Голл бугун театрни сиёсатга айлантирган ҳаракатга қарши чиқди», — деб ёзганди президентнинг биографи Жулиан Жексон.
Кипрдаги «Қонли Рождество»
1963 йил декабрь ойининг охирги ўн кунлиги Кипр тарихига «қонли Рождество» ёки «турк исёни» сифатида кирган. Бу вақтда грек—кипр ва турк—кипр жамияти ўртасидаги кескинлик очиқ фазага ўтган, кўчаларда жанжаллар ҳамда қон тўкилишлар содир бўлиб турарди. Айнан ўшанда Кипрда илк бор «Яшил чизиқ» пайдо бўлган.Кипр давлати ва конституцияси учун асосга айланган Цюрих—Лондон битими ҳаммага ҳам ёқмасди. Биринчи навбатда унга босим остида имзо чекланган ва ўз оролининг қандай бўлмасин мустақиллигини хоҳлаган президент Макариос норози эди. Кипрлик грекларнинг норозилигига сабаб бўлган асосий нуқта икки томонлама халқ суверенитети масаласи эди. Халқ суверенитети тўғрисидаги сиёсий доктринага кўра, давлат халқи олий ҳокимият ташувчиси ва суверенитет манбаи сифатида қаралади. Лондон—Цюрих битимида эса Кипрда халқ суверенитети иккиталик бўлган, яъни кипрлик греклар ва кипрлик турклар ҳамжамияти тенг ҳуқуқли эди. Бу кипрлик грек ва турклар ўзаро алоқада бўлиши ва ўзаро келишиб яшашга мажбурлигини англатарди.
Масалан, Конституцияга кўра, давлат раҳбари кипрлик грек бўлса, вице-президент кипрлик турк бўлиши лозим эди. Шу билан бирга, кипрлик греклар халқ суверенитети фақат ўзларига тааллуқли бўлишини, турклар эса миллий озчилик дея тан олиниши лозимлигини истаган.
1963 йил декабрь бошида ички ишлар вазири Поликарпос Ёркаджис Никосия туманида яшовчи кипрлик туркларга 300 та автомат етказиб берилгани тўғрисида махфий маълумотни қўлга киритган. Хабар берувчи шахс расмийларга қуроллар қайси машинада олиб келинганини маълум қилган. Кипр турклари вакиллари ўз ҳудудларида текширувларни фақат ўз жамиятларидаги полиция ходимлари амалга оширишни таклиф қилганларида, Кипр грекларининг ёмон нарса содир ташкиллаштирилаётгани тўғрисидаги шубҳалари билвосита тасдиқланганди. ИИВ бундай қадамга бормасдан, шаҳарни турк ва греклардан иборат аралаш гуруҳларда текширишни бошлаган.
21 декабрь куни шундай патруллардан бири ичида кипрлик турклар бор машинани тўхтатиб, автомобилни кўздан кечириш учун барчадан тушишни сўраган. Турклар буйруқни бажаришдан бош тортган ҳолда, жанжал бошлаган. Воқеа жойига бошқа турклар ҳам тезда етиб келган ва отишма бошланган, натижада икки нафар кипрлик турк ҳалок бўлган. Бу эса тартибсизликларнинг келиб чиқишга туртки бўлганди.
Никосияда бир неча Кипр греклари оиласи истиқомат қилувчи Оморфита туманида тўқнашувлар бошланган. 23 декабрь куни дастлабки жанжалларнинг вакиллари Ларнака, кейин эса Kirinия ва Фамагустага борган, бу ерда турк жандармлари жандармерия биносини эгаллаб олган. Президенти Макариос ва вице-президенти Фозил Кучукнинг чақирувлари зўравонликларни тўхтатишга ҳеч қандай ёрдам бермаган. 25 декабрь куни Кипрдаги турк ҳарбийлари корпуси норозилик тарафдорларига қўшилган ва Ортакўй қишлоғи атрофида баррикадалар қуришни бошлаган. Бунга жавобан Греция армиясининг ҳарбийлари кипрлик греклар тарафини олган.
Гарант-давлатлар (Буюк Британия, Греция ва Туркия) қон тўкилишларининг олдини олиш йўлида вазиятга аралашган. Ўшанда Никосияни турк ва греклар учун алоҳида буфер зонага бўлиш ғояси келган — уни БМТ тинчликпарвар кучлари қўриқлашни бошлаган.
1963 йил 28 декабрь куни оролга Буюк Британиянинг ҳамдўстлик давлатлари масалалари бўйича давлат котиби барон Эдвин Дункан-Сендис келиб, Кипр ҳукуматини Никосияни икки қисмга бўлишга кўндирган. Шундай қилиб пойтахтга бўлинган, оролда биринчи туркларнинг резервацияси пайдо бўлган, «Яшил чизиқ» эса ҳозирги кунга қадар оролнинг кўплаб аҳолиси ҳаётининг кундалик қисмига айланган. Орадан икки кун ўтгач, Никосиянинг бўлишини тўғрисидаги қарор расмий битим билан мустаҳкамланган. Шу куннинг ўзида ўт очишни тўхтатиш бўйича битим имзоланган.Нью-Йоркка учаётган самолётда портлаган бомба
Пан American авиакомпаниясининг Boeing 747-121 авиалайнерида 1988 йил 21 декабрь куни портлаш содир бўлганди. Самолёт Франкфурт-на Майн—Лондон—Нью-Йорк—Детройт йўналиши бўйича парвоз қилаётган самолёт ҳавога кўтарилганидан 58 дақиқа ўтиб, унинг тумшуқ қисмидаги юк бўлмасида портловчи қурилма ишга тушган. Авиалайнер тўлиқ парчаланиб кетган ва унинг ёнаётган бўлаклари Шотландиянинг Локбери шаҳрига қулаган. Фожиа оқибатида 270 киши — самолёт бортидаги 259 йўловчи ва ердаги 11 киши ҳалок бўлган.Boeing 727 рейс 21 декабрь куни Франкфурт-на Майндан Лондонга учиб кетган, чунки бу вақтда Boeing 747-121 Лондонда эди. Бу ерда Boeing 727 нинг барча йўловчилари ва юклар Нью-Йоркка қўниш орқали Детройтга учувчи Boeing 747’га ўтказилган.
Самолёт Лондондан соат 18:04 да чиқиб кетган. Соат 19:02 да авиалайнер Шотландия устидан учиб ўтаётганида самолётнинг тумшуқ қисмида портлаш содир бўлган, оқибатда самолёт ичи ва ташқаридаги босим фарқи сабаб фюзеляжнинг чап қисмида ярим метрли тешик юзага келган. Бошқарув кабелларининг шикастланиши натижасида лайнер чап томонга оғиб, шўнғишга тушган.
Кейинчалик Буюк Британия Транспорт вазирлиги мутахассисларининг аниқлашича, самолёт тумшуқ қисми портлашдан кейинги уч сония ичида фюзеляждан ажралиб кетган, у юқорига кўтарилиб, ажралиб чиққанидан кейин 3-сонли двигателга келиб урилган ва Локберига қулаган. Фюзеляжнинг асосий қисми олдинга ва пастга қулашни давом этган, 5,8 минг метр баландликда эса у бутунлай парчаланган.
Ҳалокатнинг сабабларини суриштириш билан Британиянинг ААИБ авиация ҳодисаларини тергов қилиш бўлими шуғулланган. Якуний ҳисобот 1990 йил 6 августда эълон қилинганди.
Шотландиянинг Дамфрис-энд-Галловей ва ФҚБ ҳамкорлигидаги қўшма тергов уч йил давом этган. Портлаш юк бўлмасида юз бергани аниқланган. Ҳужжатлар кўтарилганида, Франкфурт рейси билан Мальтадан келган йўловчисиз юк Нью-Йоркка йўналтирилгани аниқланган.
Ичига бомба яширилган Toshiba радиоприёмниги ва уни жойлаштирилган Samsonite жигарранг чамадони топилган. Шунингдек, чамадон ичидан соябон, икки жуфт оёқ кийим ва болалар свитери, бомбанинг портловчи қурилмасининг бир қисми бўлган яшил пластик бўлаклари аниқланган.
Швейцариянинг электроника билан шуғулланган Meister & Bollier компанияси ушбу яшил пластик бўлаги — Ливия разведкаси буюртмасига кўра тайёрланган таймер эканини тан олган. Чамадонда бўлган шим ва соябон қаердан харид қилингани аниқланган — улар Мальтадаги дўкондан сотиб олинганди. Дўкон эгаси харидорни танишга муваффақ бўлган — у шу яқин атрофдаги меҳмонхонада яшовчи Абдел ал-Меграхий бўлиб чиққан.
Икки нафар ливиялик — Либян Араб Airlines хавфсизлик хизмати раҳбари Ал-Меграхий (аслида Ливия махсус хизматларининг ходими ва Муаммар Каддафийнинг яқин тарафдори бўлган шахснинг амакиваччаси бўлган) ҳамда Ламин Халифа Фимахага нисбатан айбловлар 1991 йил 13 ноябрда эълон қилинган. БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳодиса сабаб Ливияга санкциялар жорий этганди.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)