Россиянинг Ural Airlines компанияси 14 март куни Ўзбекистонга парвозларни вақтинча амалга ошира олмади, деб хабар беради Telegram’даги «Aвиаторшина» канали.
14 март куни Ural Airlines’нинг «Пулково» аэропортидан Бухорога (учиш соат 09:00 да), «Жуковский» аэропортидан Наманганга (учиш соат 22:30 да), «Минеральние води»дан Самарқандга (учиш соат 23:15 да), «Домодедово» аэропортидан Урганчга (учиш соат 23:30 да) парвозлари режалаштирилган эди. Бироқ авиакомпаниянинг онлайн таблосида Ўзбекстонга барча парвоз вақтлари 15 мартга сурилгани кўрсатилган.
Унга кўра, Бухорога парвоз 28 соат кечикиш билан, Наманганга 14,5 соат, Самарқандга қарийб 14 соат, Урганчга 13,5 соат кечикиш билан ташкил этилади. Қайтиб учиб кетиш ҳам 13–18 соатга сурилган.
Авиакомпаниядаги манбанинг сўзларига кўра, рейсларни амалга оширишдаги узилишларга парвозлар учун яроқлилик сертификатларининг йўқлиги сабаб бўлган. Душанбага ўтар кечаси Бермуд ороллари авиация ҳокимияти Россиянинг шу давлатда рўйхатга олинган 700 дан ортиқ самолётларининг парвозга яроқлилик сертификатларини тўхтатган.
Ural Airlines’нинг бутун парки Бермуд оролларида рўйхатга олинган, шунингдек, хорижий лизингга берувчилардан ижарага олинган бўлиб, март ойининг сўнгига қадар улар Урал авиаташувчисининг барча самолётларини қайтариб олиши керак.
Эслатиб ўтамиз, Uzbekistan Airways эса Россия ҳаво ҳудудининг бир қисми ёпилиши билан боғлиқ чеклов сабаб бир қатор шаҳарларга парвозлар жадвали ва йўналишини ўзгартирди. Унга кўра, 3 мартдан 26 мартгача Ўзбекистон—Сочи—Ўзбекистон йўналишида қўшимча қатновлар жорий этилиб, Краснодар ва Ростов-Дон шаҳарларига режалаштирилган парвозлар Сочи шаҳрига амалга оширилади.
Шунингдек, Россиянинг iFly авиакомпанияси 5 март санасидан бошлаб Ўзбекистонга бажарилиши кутилаётган ҳамда барча режалаштирилган йўналишларда ўз парвозларини номаълум муддатга тўхтатганди. Шунингдек, Smartavia авиакомпанияси ҳам 7 март кунига режалаштирилган Москва—Урганч—Москва йўналишидаги парвозни бекор қилганди.
Изоҳ (0)