23 июнь куни Рим папаси Францискнинг ҳафталик умумий қабулига ўргимчак-одам костюмидаги эркак ташриф буюриб, унга иккинчи ниқобини совға қилди, деб хабар берди Esquire.
Қабулга Ўргимчак-одам кўринишида болалар касалхонасига турли суперқаҳрамонлар костюмида ташриф буюрадиган 28 ёшли италиялик Маттео Вильярдита исмли эркак келган. Католик черкови раҳбарининг чиқиши вақтида Вильярдита VIP-зонада бўлган, у алоҳида хизматлари учун шу жойга таклиф этилган.
Тадбир якунида ўргимчак-одам костюмидаги эркак Рим папасига таништирилган. Учрашувда Вильярдита понтификдан касал болалар ва уларнинг ота-оналари учун ибодат қилишни сўраган. Шунингдек, у Рим папасига суперқаҳрамоннинг иккинчи ниқобини совға қилган. Бу билан у ушбу ниқобнинг кўзлари орқали ҳар куни касалхоналарда азобланаётган болаларни кўраётганини намойиш этмоқчи бўлган.
Ватиканда Вильярдитани «ҳақиқий қаҳрамон» деб аташиб, пандемия сабаб болалар шифохонасига бора олмагани учун 1400 дан ортиқ видеоқўнғироқларни амалга оширганига миннатдорчилик билдиришган. 2020 йилда Италия президенти Сержо Маттарелла болаларга кўрсатган ёрдами учун уни мукофотлаган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг августида Минскда бетмен ва ўргимчак-одам кийимидаги эркаклар намойиш иштирокчиларига сув ва шоколад тарқатганди.
Изоҳ (0)