Халқаро донорлар молиявий ёрдамининг қисқариши ҳамда шимолий Нигериядаги беқарорлик сабаб жорий йилнинг биринчи ярмида 652 бола ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақда “Чегарасиз шифокорлар” (МSF) ташкилоти тарқатган баёнотда сўз боради.

Ташкилот мамлакатнинг Кацина штатида 70 мингдан ортиқ бола очликка қарши даволангани, шундан 10 минг нафари оғир аҳволда шифохонага ётқизилганини маълум қилди. МSF, шунингдек АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи томонидан ажратиб келинган инсонпарварлик ёрдами кескин камайганини қўшимча қилган.
“Бюджет кескин қисқараётгани очликдан ҳақиқатда азият чекаётган болалар учун даволаниш имконини чеклаяпти”, дейилади баёнотда.
Ташкилот маълумотига кўра, Кацинада энг оғир даражадаги очликдан азият чекаётган болалар сони ўтган йилга нисбатан 208 фоизга ошган. Бунга халқаро ёрдамнинг камайишидан ташқари, аҳолининг қониқарли тиббий хизматларга эга эмаслиги ҳамда кўплаб оилалар ўз уйларини беқарорлик сабаб ташлаб чиққани каби омиллар ҳам сабаб бўлган. МSF вазиятни “фавқулодда сафарбарлик талаб этадиган даражада оғир”, дея таърифлади.

Бу ҳаммаси эмас
БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури хабарига кўра, маблағ танқислиги сабаб июль охиригача Нигериянинг шимоли-шарқида яшовчи 1,3 миллион аҳоли учун озиқ-овқат ёрдами тўхтатилади. Бу 150 та овқатланиш клиникасининг ёпилишига ҳамда 300 минг боланинг оғир очлик хавфи остида қолишига сабаб бўлади.
Ташкилотнинг минтақавий раҳбари Маргот Ван Дер Велден вазиятни “фожиали” деб атади:
“Биз миллионлаб одамни озиқ-овқат ва тиббий ёрдамдан маҳрум қилишга мажбур бўлишимиз мумкин”, деган у.
АҚШ ёрдами қисқарди
Маълум қилинишича, авваллари шимолий Нигерия учун инсонпарварлик ёрдамларининг аксар қисми Қўшма Штатларнинг USAID агентлиги орқали шакллантирилган. Бироқ Трамп маъмурияти ташқи ёрдамни кескин қисқартириб, агентликни ёпган. Европа ҳам Украина уруши сабаб донорлик маблағларини камайтирган. Нигерия ҳукумати бунга жавобан соғлиқни сақлашдаги бўшлиқни тўлдириш учун жорий йилда 200 миллиард наира (130 млн доллар) ажратди.
Изоҳ (0)