Ҳиндистоннинг Бихар штатида Ганга дарёсидан COVID-19 туфайли вафот этгани тахмин қилинаётган камида ўттиз кишининг жасади топилди. Бу ҳақда Times of India газетасига таяниб, «РБК» хабар берди.

Фото: Getty Images

Газетанинг маҳаллий маъмуриятга асосланиб хабар беришича, жасадлар бир неча кун олдин қўшни Уттар-Прадеш штатидан дарёга ташланган бўлиши мумкин.

Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, қирғоқ бўйидаги қишлоқларда яшовчилар марҳумларнинг жасадларини дарёга ташлаб юбормоқда, чунки уларни куйдириш ва дафн гулханларини ёқиш қимматга тушади.

Аҳолининг сўзларига кўра, дарёда тахминан 100-150 кишининг жасади бўлиши мумкин. Ўз навбатида, The Tribune газетаси маҳаллий ҳокимиятга асосланиб, Гангада 48 та жасад топилгани ҳақида хабар берди.

Буксар шаҳри судьяси Аман Самирнинг айтишича, мутасаддилар коронавирусдан вафот этганларнинг жасадини ҳиндлар учун анъанавий бўлган гулханда ёқиш ўрнига, дарёга ташлаганларга қарши қатъий чоралар кўради.

Таъкидланишича, ҳокимият сувни тозалашга киришган. Номаълум жасадлар дафн маросимларига мувофиқ ёқилади. Бундай ҳолда, харажатларни штат ҳукумати қоплайди.

Ҳиндистон коронавирусга чалинганлар сонининг кўплиги бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, эпидемия бошланганидан бери 22,6 миллиондан ортиқ кишида касаллик қайд этилган, 246 минг киши вафот этган. Айни пайтда Ҳиндистонда 3,7 миллион киши коронавирус билан яшамоқда.

Аввалроқ Ҳиндистонда COVID-19 билан касалланган беморларда «қора замбуруғ» (мукормикоз) эпидемияси қайд этилаётгани ҳақида хабар берилганди.  Ҳиндистонлик мутахассис Акшай Наирнинг фикрича, мукоромикоз билан касалланиш даражасининг ўсиши коронавируснинг оғир шаклини даволашда стероидлардан фойдаланиш сабаб бўлган бўлиши мумкин. «Қора замбуруғ»дан ўлим даражаси 50 фоизни ташкил этади.