Аргентина президенти Альберто Фернандеснинг коронавирусга топширган антиген тести мусбат натижа берди, диагнознинг тасдиқланиши учун у ПЗР-тестининг натижаларини кутяпти. Бу ҳақда сиёсатчи ўзининг Twitter саҳифасида хабар берди, деб ёзмоқда «Интерфакс».
Фернандеснинг сўзларига кўра, 1 апрель куни кечқурун унинг бироз иситмаси кўтарилиб, боши оғригани учун коронавирус антигенини текширишга қарор қилган. Тест натижаси мусбат чиққач, президент ўзини яккалаш тартибига ўтиб, ПЗР-тестининг натижаларини кута бошлади.
2 апрель куни Фернандес ўзининг 62 ёшини қаршилади. Унинг таъкидлашича, у ўзини яхши ҳис қиляпти ва коронавирусга топширган тести мусбат натижа бермаганида, туғилган кунини нишонлаган бўлар эди.
Январь ойида Фернандес коронавирусга қарши Россиянинг «Спутник V» вакцинаси билан эмлангани ҳақида хабар берган эди.
Аввалроқ Португалия президенти Марселу Ребелу ди Созанинг коронавирус инфекциясига топширган тести мусбат натижа кўрсатгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Арманистон президенти Армен Саркисян оиласи билан Янги йил таътилини ўтказиш пайтида Лондон шаҳрида коронавирус юқтириб олган. Президент матбуот хизмати унда касаллик оғир кечганини маълум қилган.
Бундан ташқари, Бразилия вице-президенти, Франция президенти Эммануэль Макрон, Швеция шаҳзодаси Карл Филипп ва малика Софияда ҳамда Украина президенти Владимир Зеленскийда коронавирус аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампда 1 октябрь куни коронавирус аниқланганди. АҚШ собиқ президенти бир неча кун касалхонада даволанган ва у ердан 5 октябрь куни чиққан.
Изоҳ (0)