АҚШ Конгресси биноси яқинидаги назорат пунктига автомобиль келиб урилди. Ҳайдовчи машинадан сакраб тушиб, пичоқ билан икки полициячига ҳужум қилди. Бу ҳақда Fox News телеканалига асосланиб, «РБК» хабар берди.
Хабарга кўра, полиция номаълум ҳужумчига ўқ узган, касалхонага ётқизилган шахс жароҳати туфайли вафот этган. Шу билан бирга, ҳужумчининг пичоғидан яраланган икки полициячи ҳам касалхонага олиб кетилган, кейинчалик улардан бири вафот этган.
Парламент спикери Нэнси Пелоси вафот этган полициячи хотираси учун Капитолий биноси устига байроқларни туширишни буюрди.
Fox News’нинг таъкидлашича, ҳужум Капитолийнинг шимолий томонида, одатда конгрессменлар ва мажмуанинг ходимлари фойдаланадиган кириш қисмида содир бўлган. Ҳодиса нима сабабдан уюштирилгани номаълум.
Ҳудудда хавфсизлик чоралари 6 январь воқеаларидан сўнг — бир гуруҳ намойишчилар, хусусан, Дональд Трамп тарафдорлари мажмуани вақтинча эгаллаб олгандан кейин кучайтирилган эди.
Капитолий хавфсизлик хизмати ходимлари ҳужумчини бирор экстремистик гуруҳга алоқаси йўқ деб ҳисобланаётгани ва «ёлғиз бўри» деб аталаётгани ҳақида хабар берган.
Reuters хабарига кўра, полиция ушбу ҳодисанинг теракт экани тўғрисида ҳозирча бирор далил йўқлигини, аммо ушбу тахмин ҳам текширилишини айтди. «Айни пайтда конгрессменларнинг хавфсизлигига таҳдид йўқ, вазият назорат остида», — деди полиция.
Аввалроқ Вакиллар Палатаси 4 мартга белгиланган адолат ва полиция иши ҳақидаги «Жорж Флойд қонуни» бўйича овоз беришни бекор қилганди. Бу ўша куни Капитолий хавф остидалиги ҳақида келиб тушган маълумотлар билан боғлиқ.
Полиция 45-президент Дональд Трампнинг 4 март куни ҳокимиятга қайтиши ҳақида маълум қилган фитна назарияси тарафдорларининг эҳтимолий провокацияси ҳақида хабар берди. 1933 йилгача айнан шу куни президентларнинг инаугурация маросими ўтказилган. Шу сабабли Вашингтонда хавфсизлик чоралари кучайтирилди.
Изоҳ (0)