27 март куни Тошкент халқаро аэропортига Хитойдан 1 миллион дозада Хитой—Ўзбекистон ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси олиб келинди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

ZF-UZ-VAC2001 Хитой Фанлар академияси Микробиология институти олимлари томонидан яратилган, Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқилган ва ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорликда клиник тадқиқотлари олиб борилган коронавирусга қарши янги рекомбинант вакцинадир. Уни яратишда коронавирус ташқи оқсили биотехнологик усул билан синтезланиб олинган бўлиб, организмга юборилганда оқсилга нисбатан иммун жавоб ҳосил бўлади. Бундай вакциналар бошқа турдаги вакциналар билан солиштирганда энг юқори хавфсизлик профилига эга ҳисобланади, дейилади Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги маълумотида.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Айни вазирлик ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-тадқиқот институти олимлари Хитойнинг ZF2001 вакцинаси устидаги тадқиқотлар кенг кўламда ўтишига ўз ҳиссасини қўшган. Амалга оширилган ишлар натижасида хитойлик ҳамкорлар Ўзбекистонни мазкур вакцина ҳаммуаллифи деб эълон қилди ва вакцинага ZF-UZ-VAC2001 деб ном берилди.

Хитой компанияси мазкур вакцинани ҳамкорликда ишлаб чиқариш учун Ўзбекистонда фаолият юритаётган бир қатор фармацевтика корхоналари фаолиятини ўрганиб, лаборатория ҳамда техник ва ишлаб чиқариш қувватларини инобатга олиб, Jurabek Laboratories МЧЖ қўшма корхонасини танлаган. Ушбу вакцина 1 март куни давлат рўйхатидан ўтказилган.

Маълумотга кўра, бугунга кунгача вакцинанинг III фаза синовларида етти мингдан зиёд киши эмланган бўлса, уларнинг ҳар биридаги ўзгаришлар тўла назорат қилиб борилмоқда. 2020 йилнинг декабридан бери олиб борилаётган тадқиқотлар давомида эмланган кўнгиллилар организмида вакцинанинг жиддий ножўя таъсирлари қайд этилмагани айтилди. Ҳозирча мазкур вакцина Ўзбекистон ҳудудида III фаза синов тадқиқотлари ўтказилаётган ягона вакцина бўлиб қолмоқда. Аввалроқ инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасини тарқатиш май—июнда бошланишини маълум қилганди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Тадқиқотчилар коронавируснинг «британча» штамми ва бошқа штаммларидан ҳам мазкур вакцина ёрдамида ҳимояланиш мумкинлигини қайд этмоқда. Негаки ZF-UZ-VAC2001 вакцина биотехнология усулида яратилган бўлиб, бунда вируснинг тожлари, яъни бўлакчалари кесиб олинади ва улар лаборатория шароитида кўпайтирилади. Айнан коронавирусда кузатиладиган «шоҳчалар»га нисбатан антитаналар ҳосил қилгани боис «британча» штамм ва коронавируснинг бошқа турларининг ҳам организмга таъсирини сусайтиради, деб таъкидланмоқда.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Инновацион ривожланиш вазирлигига вакцинанинг ушбу дозалари Ўзбекистон томонга қанчага тушгани ҳақидаги савол билан мурожаат қилинганда қуйидагича жавоб берилди: «ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг нархи бўйича маълумотларни очиқламаслик тўғрисида давлатлараро шартнома имзоланган. Лекин шунга қарамай, Ўзбекистон мазкур вакцинанинг ҳаммуаллифи бўлгани ва вакцинанинг III фаза синовларида фаол иштирок этгани боис вакцина ишлаб чиқариш нархларида бизга сотилди. Яъни Ўзбекистон томонидан вакцинанинг фақатгина ишлаб чиқариш харажатлари қопланмоқда. 

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Бундан аввал Ўзбекистонга COVAX дастури доирасида 2,6 миллион доза AstraZeneca вакцинаси олиб келиниши, вакцинанинг дастлабки партияси 17 март куни етказиб келингани ҳақида хабар берилганди. Шундан 2021 йилнинг I чорагида 35—40 фоизи, қолган қисми II чоракдан дунё бўйлаб вакциналарни ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, босқичма-босқич етказиб берилиши маълум қилинган.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Март ойининг бошида Ўзбекистонда ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси биринчи бўлиб фойдаланиш учун рўйхатдан ўтказилгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Махсус комиссия қарорига кўра, Ўзбекистонда Россиянинг Гамалея илмий-тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган «Спутник V» вакцинасини қўллашга ҳам рухсат берилган. Коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина учун 3 триллион сўм ажратиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 23 февраль куни ЮНИСЕФ томонидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати учун 17 та музлаткичли юк машинаси ва 206 та минивен Changan автомобиллари топширилган. Ушбу махсус автомобилларнинг бир нечтаси фойдаланишга топширилган куниёқ Тошкентда ЙТҲга учради. Бундан ташқари, Ўзбекистонга COVAX дастури доирасида юборилган 4,5 тонна қадоқланган шприслар қабул қилинган.