30 март куни Ўзбекистонга Венгрия бош вазири Виктор Орбан расмий ташриф уюштиради. Бу ҳақда Венгрия ҳукумати сайтига таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.
Маълум қилинишича, ташриф давомида Виктор Орбан Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашади.
Маълумотга кўра, музокаралар давомида иккитомонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқирозга қарши глобал кураш масалалари муҳокама қилинади.
Шунингдек, қайд этилишича, венгриялик бизнес вакиллари ҳам Тошкентга ташриф буюриб, ўзбекистонлик ҳамкорлари билан иқтисодий ва савдо имкониятлари бўйича музокаралар олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг февралида Шавкат Мирзиёев Венгрия делегациясини қабул қилган эди. Ўшанда Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийярто самимий қабул учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдириб, Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг энг эзгу тилакларини етказганди.
Изоҳ (0)