Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев вафоти муносабати билан мамлакат раҳбарияти, жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, бош вазир Абдулла Арипов, Қонунчилик палатаси раиси Нурдинжон Исмоилов ва бошқалар ҳамдардлик билдирди. Ҳамдардлик матни Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Фото: «Kitobxon.uz»

Ўзбек адабиёти оғир жудоликка учради. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев шу йил 22 март куни 88 ёшида вафот этди.

Худойберди Тўхтабоев 1932 йили 17 декабрда Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида туғилди. 1955 йили Тошкент давлат университетини тамомлади.

У ўзининг меҳнат фаолиятини 1955 йилда ўрта мактабда ўқитувчи сифатида бошлади. Кейинчалик «Тошкент ҳақиқати», «Совет Ўзбекистони» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») газеталарида адабий ходим, «Шарқ юлдузи» журналида бош муҳаррир ўринбосари, республика ёшлар нашриёти, «Гулхан» ва «Ёш куч» журналларида бош муҳаррир лавозимларида самарали меҳнат қилиб, миллий адабиётимиз ва матбуотимиз равнақига салмоқли ҳисса қўшди. Кейинчалик республика «Истеъдод» жамғармаси ҳамда «Олтин мерос» халқаро хайрия фондининг раҳбари вазифаларида фаолият олиб борди.

Катта билим ва тажрибага эга мураббий адиб сифатида узоқ йиллар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг болаларга мўлжалланган «Ўйла, изла, топ!» дастурига бошчилик қилди.

Худойберди Тўхтабоев ўзининг чуқур тарбиявий аҳамиятга эга бадиий юксак ижоди билан ўзбек болалар адабиётининг забардаст намояндасига айланди.

Истеъдодли адиб олтмиш йилдан зиёд давом этган ижодий фаолияти мобайнида «Шошқалоқ», «Сўқмоқлар», «Муҳаббат қўшиғи», «Жонгинам, шартингни айт» сингари ҳикоялар тўпламлари, «Сир очилди», «Омонбой билан Давронбой саргузашти» қиссалари ҳамда «Сариқ девни миниб», «Сариқ девнинг ўлими», «Беш болали йигитча», «Қасоскорнинг олтин боши», «Йиллар ва йўллар», «Ширин қовунлар мамлакати», «Мунгли кўзлар», «Жаннати одамлар», «Қиз талашган ўсмирлар», «Қуёнлар салтанати», «Қиз болага тош отманг» романларини яратди.

Айниқса, ёзувчининг «Сариқ девни миниб» романи юртимиз ва дунё миқёсида жуда катта шуҳрат қозонди. Мазкур асар қирқдан зиёд хорижий тилларга таржима қилиниб, миллионлаб нусхаларда чоп этилган.

Мустақиллик йилларида адибнинг ижодий ва ижтимоий фаолияти янада ёрқин намоён бўлди. У ёш авлод вакилларини юксак маънавий-ахлоқий қадриятлар руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган асарлар яратиш билан бир қаторда, жамиятимизда адабиёт ва китобхонликни кенг тарғиб қилишга ҳам муносиб ҳисса қўшди.

У тажрибали ижодкор, жонкуяр ташкилотчи сифатида кўплаб ёш истеъдод эгаларига устозлик қилди.

Худойберди Тўхтабоевнинг ўзбек адабиёти ва санъатини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У «Ўзбекистон халқ ёзувчиси», «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвонлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти ҳамда «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланган эди.

Атоқли ёзувчи, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Худойберди Тўхтабоевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

Бундан аввал 2020 йилда Шароф Рашидовнинг укаси, Ўзбекистон санъат арбоби, таниқли педагог олим, адабиётшунос ва таржимон Асил Рашидов 90 ёшида, адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Санжар Содиқов 80 ёшида, ёзувчи, драматург, публицист, Ўзбекистон санъат арбоби Абдуқаҳҳор Иброҳимов 79 ёшида, журналист ва ёзувчи Сотволди Ражабов 74 ёшида, ёзувчи Мамадали Маҳмудов 79 ёшида оламдан ўтгани тўғрисида хабар берилганди.