Қашқадарёда 17 мартдан бошлаб жамоат транспортида ниқобсиз юриш тақиқланди. Бу ҳақда вилоят транспорт бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Автобус, микроавтобус, йўналишсиз такси хизматидан фойдаланганда ҳайдовчи ва йўловчилар тиббий ниқобда бўлиши керак. Йўловчиларнинг жамоат транспортига ниқобсиз чиқиши қатъиян тақиқланади.
Шунингдек, тартибга кўра йўловчи ташувчи транспорт воситалари ҳар 4 соатда дезинфекция қилиниши назоратга олинади.
Хабарда таъкидланишича, ушбу тартиб вилоят бўйича амал қилади.
Аввалроқ Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев вилоятда охирги 10 кунда 8000 нафардан ортиқ фуқародан коронавирусга қарши тест олингани, тест натижаларига кўра, ҳудудда касаллик чалиниш ҳолати қайд этилмаганини айтгани ҳақида хабар берилган эди. «Аммо эҳтиёткорлик ва тартиб-интизом келгусида ҳар биримизнинг саломатлигимиз мустаҳкамлигига хизмат қилади. Шундай экан, жамоат жойлари ва транспорт воситаларида тиббий ниқобсиз юриш қонунчиликка асосан жаримага тортишга сабаб бўлади», — деган у.
Тошкентда ҳам «карантин талабларига риоя қилиш» назоратга олиниб, йўловчиларнинг ниқоб тақиши мажбурий этиб белгиланган. Адлия вазирлиги жамоат жойларида тиббий ниқобсиз юрганлик учун жарима борлигини эслатиб ўтган.
Изоҳ (0)