Шавкат Мирзиёев 17 март куни Қозоғистон биринчи президенти — элбоши Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, суҳбат аввалида икки мамлакат етакчилари яқинлашиб келаётган Наврўз байрами муносабати билан бир-бирини самимий қутлаб, қардош халқларга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Шунингдек, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, савдо соҳасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш, саноат кооперациясини кучайтириш ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, ҳудудлараро алоқалар ва гуманитар алмашинувларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Туркий кенгашнинг бўлажак саммитига тайёргарлик кўриш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев яқинлашиб келаётган Наврўз байрами билан бир-бирларини табриклаб, Қозоғистон ва Ўзбекистон халқларига фаровонлик тилаган эди. АҚШ президенти Жозеф Байден ҳам Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Наврўз байрами билан табриклаб, мактуб йўллаганди.
Эслатиб ўтамиз, коронавирус пандемиясини инобатга олган ҳолда Ўзбекистонда Наврўз умумхалқ байрами тадбирлари карантин қоидаларига амал қилган ҳолда маҳаллаларда ташкил этилади.
Изоҳ (0)