Россиянинг «Спутник V» коронавирусга қарши вакцинаси Қозоғистон ҳукумати томонидан тасдиқланди, дейилади вакцинанинг Twitter’даги расмий аккаунтида.
Маълум қилинишича, Қозоғистон «Спутник V» вакцинасини тасдиқлаган 27-давлат бўлди. Вакцина илгари Европа, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ, Африка, Осиё ва Шимолий Американинг 26 давлатида тасдиқланган.
Таъкидланишича, Гамалея томонидан ишлаб чиқарилган ушбу вакцина давлатлар томонидан энг кўп тасдиқланган учта вакцинанинг бири ҳисобланади.
Қайд этилишича, охирги сутка давомида Қозоғистонда 951 нафар одамда коронавирус аниқланган. Беморнинг умумий сони 200 044 кишига етган.
Маълумот учун, шу вақтгача «Спутник V» вакцинаси Венгрия, Ливан, Серб Республикаси, Жазоир, Аргентина, Беларусь, Боливия, БАА, Сербия, Фаластин, Венесуэла, Парагвай, Покистон, Мўғулистон, Туркманистон ва Эронда фойдаланиш учун тасдиқланган эди.
Аввалроқ Қозоғистон Pfizer вакцинасини етказиб бериш тўғрисидаги меморандумни имзолагани ҳамда мамлакатда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш бошлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)