Россиянинг Владикавказ шаҳрида бугун, 12 февраль куни эрталаб супермаркет портлаб кетди, деб хабар беради «РИА Новости». Бино бутунлай вайрон бўлди. Жабрланганлар ҳақида ҳозирча тўлиқ маълумот йўқ.
Портлаш супермаркетда иш бошланмасидан олдин, маҳаллий вақт билан 7:24 да юз берган.
Ички ишлар вазирлиги хабарида айтилишича, алоҳида жойлашган бино қулаб тушган, унда «Магнит» дўкони жойлашган бўлган. Полиция ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари воқеа жойида иш олиб бормоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисага газ-ҳаво аралашмасининг сизиб чиқиши сабаб бўлган: ертўлада кислород баллонлари сақланган. Юзга яқин одам харобаларни текшириб чиқмоқда, яқин орада уларга яна юз нафар қутқарувчи келиб қўшилади. Тергов қўмитаси текширув бошлади.
«Қурбонлар ҳақида маълумот келиб тушгани йўқ. У ерда бўлган ягона одам — заргар кечаси билан ишлаган, қандайдир шошилинч буюртмаси бўлган. Тонгга яқин ухлаб қолган, портлашдан уйғониб кетиб, вайроналардан чиқиб олишга муваффақ бўлган», — деди Шимолий Осетия Республикаси ҳукумат раиси ўринбосари Ирбек Томаев.
Воқеа жойида олинган кадрларда бино деярли тўлиқ вайрон бўлганини кўриш мумкин. Унда бир нечта супермаркет, мебель дўкони, стоматология жойлашган эди. Маълумотларга кўра, бино уч қаватли бўлган.
Изоҳ (0)