Қўшма Штатлар жаҳон миқёсидаги ўта оғир вазиятлардагина ҳарбий куч ишлатиши керак. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден Пентагонга ташрифи чоғида айтиб ўтди, деб ёзмоқда «РБК».

Фото: АP

Америка президентининг сўзларига кўра, АҚШ Мудофаа вазирлигининг асосий вазифаси душман тажовузини чеклаш ва агар керак бўлса, Американинг хавфсизлигини таъминлаш учун курашиб, урушда ғалаба қозонишдир.

«Фикримча, куч биринчи эмас, сўнгги чора бўлиши керак», — дея таъкидлади Байден.

Шу билан бирга, Президент олий бош қўмондон сифатида Америка халқи ва АҚШ иттифоқчиларининг ҳаётий муҳим манфаатларини ҳимоя қилиш учун куч ишлатишдан тортинмаслигини маълум қилди.

Аввалроқ АҚШ Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Байден маъмурияти АҚШ ташқи сиёсатини жумладан, Россия билан муносабатларини ҳам куч позицияси устига қуришини айтган эди. Унга кўра, ҳукумат Россияни «олиб бораётган зарарли ҳаракатлари учун жавобгарликка тортиш» чораларини кўрмоқда. Бу ҳаракатларга Америка демократиясига путур етказиш, Европада одамларни кимёвий қурол билан заҳарлаш, киберҳужумлар ва бошқа кўплаб таҳдидлар киради».

Салливан, шунингдек, АҚШ Россия билан ўзаро манфаатли масалаларда ҳамкорлик қилиши мумкинлигини истисно қилмаган. Ўз навбатида, Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков январь ойида Оқ уйда маъмурият ўзгарганига қарамай, Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларда ҳеч нарса ўзгармайди, деб тахмин қилганди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Сенати 9 февраль, сешанба куни собиқ президент Дональд Трампга нисбатан импичмент жараёни Америка конституциясига зид эмас, деб овоз берди.

Импичмент ҳақидаги резолюция сенатга январь охирида берилган эди. Унгача жараённи бошлаш вакиллар палатасида маъқулланган эди. Бунга собиқ давлат раҳбари тарафдорларининг парламент биносига ҳужуми сабаб бўлди. Трамп қўзғолонга даъват қилишда айбланмоқда.