Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Артем Новиков ва Россия президенти маъмурияти раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Козак Москвадаги учрашувда Қирғизистонга Россиядан моддий ёрдамни қайта тиклаш тўғрисида келишиб олди, дея хабар қилмоқда «Коммерсантъ».

Фото: Flickr

Фото: Flickr

«Учрашув якунлари бўйича Россия томонидан Қирғизистонга молиявий ёрдамни босқичма-босқич қайта тиклаш масаласи келишиб олинди», – деб таъкидлади Қирғизистон ҳукумати. Тафсилотлар тақдим этилмаган.

Новиков 2020 йилги парламент сайловларидан сўнг Қирғизистондаги ички сиёсий вазиятни барқарорлаштиришда Россиянинг алоҳида роли учун миннатдорлик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Россия Қирғизистонга молиявий кўмак беришни 15 октябрь куни тўхтатган эди. Бунга мамлакатдаги юзага келган вазият сабаб қилиб кўрсатилган.

Маълумот учун, Қирғизистонда 4 октябрь куни парламент сайлови бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига кўра, парламентда депутатлик ўрнига эга бўлиш учун зарур бўлган етти фоизлик довондан тўртта партия ўта олди.

Сайлов натижаларидан норози бўлган минглаб кишилар 5 октябрь куни намойишга чиқди. Намойишлар тартибсизликка айланиб кетди, тартибсизликларда бир неча юз киши жароҳат олди, бир киши вафот этди. Намойишчилар мамлакат парламенти ва президент администрацияси жойлашган бинони эгаллаб олди, шунингдек, мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев ва собиқ бош вазир Сапар Исаковни қамоқдан озод қилди. Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси 6 октябрь куни парламент сайлови натижаларини ҳақиқий эмас деб топди.

15 октябрь куни Сўронбай Жээнбеков Қирғизистон президентлиги лавозимидан истеъфо берганини эълон қилди. У бош вазир Садир Жапаров ва бошқа сиёсатчилардан ўз тарафдорларини пойтахтдан олиб чиқиб кетишни сўраган ва улардан бишкекликлар тинчлигини бузмасликни илтимос қилган. 16 октябрь куни парламент мажлисида Қонунчилик кенгаши спикери Канат Исаев давлат раҳбарининг вазифаларини вақтинча бажаришни рад этган. Якунда бош вазир Садир Жапаров президент вазифасини бажарувчига айланди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар