Ўзбекистонда 15 август соат 23:30 дан 16 август соат 23:30 гача коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 628 та ҳолат қайд этилди. Бу охирги 21 кун ичидаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 35329 нафарга етди.

ССВ ҳисоби бўйича 232, «Дарё» ҳисоби бўйича 241 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 628 кишининг барчаси коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 382 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 169 нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 41 нафар;
  • Бухоро вилоятида — 13 нафар;
  • Қорақалпоғистон Республикасида — 10 нафар;
  • Наманган вилоятида — 5 нафар;
  • Андижон вилоятида — 3 нафар;
  • Фарғона вилоятида — 3 нафар;
  • Хоразм вилоятида — 2 нафар.

Кун давомида 9 та ҳудудда коронавирус юқтириб олиш ҳолати қайд этилди.

Тошкент шаҳрида 382 кишида коронавирус аниқланди. Август ойининг ортда қолган 16 куни ичида Тошкентда энг кам касаллик аниқланган кунда (2 август) 325 кишида, энг кўп касаллик аниқланган кунда (9 август) 509 кишида COVID-19 қайд этилди. 1—16 август оралиғида пойтахтда (карантин зонасида аниқланган ҳолатларни ҳисобга олмаса) 6761 та янги ҳолат аниқланди.

Тошкент вилоятида 169 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда 23 июлдан бошлаб ҳар куни касалликка чалиниш ҳолатлари қайд этилмоқда, 26 июлдан бери эса ҳар куни коронавирусга чалинганлар сони 100 нафардан ошмоқда (икки марта 200 тадан ҳам ошди). Август ойининг 15 куни ичида Тошкент вилоятида (карантин зонасида аниқланган ҳолатларни ҳисобга олмаса) 2477 кишида коронавирус аниқланди.

17 июлдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилоятининг кўрсаткичларини Тошкент шаҳридан алоҳида бера бошлаганди. Ўшанда вилоятда 1678 нафар бемор бор эди, бутун Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатларининг 10,75 фоизи Тошкент вилоятига тўғри келарди. Бир ой ичида Тошкент вилоятида касалликка чалинганлар 3 баравардан ҳам ошиб кетди. Ҳозирда вилоятда 5472 нафар бемор бор, бу Ўзбекистон бўйича вирусга чалинганларнинг 15,5 фоизига тенг.

Самарқанд вилоятида 41 кишида COVID-19 аниқланди. Якунига етган ҳафтада Самарқанд ҳар куни янги беморлар рўйхатга олинди, бу кунларнинг олтитасида вилоят кунлик касалланишлар сони бўйича Тошкент шаҳри ва вилоятидан сўнг учинчи натижани қайд этди. Беморларнинг умумий сони бўйича ҳам дастлабки учликнинг кетма-кетлиги айнан шундайдир. Самарқанд учун август ойи энг кўп касалланиш ҳолатлари қайд этилган ой бўлди. 16 кун ичида вилоятда 532 кишида касаллик аниқланди. Бутун июль ойида Самарқандда 487 кишида COVID-19 қайд этилганди. Вилоятда касаллик юқтирганларнинг умумий сони ҳозирда 1470 нафарни ташкил этади. Таққослаш учун, Самарқандга қўшни Жиззах вилоятида бундан роппа-роса 10 баравар кам бемор аниқланган.

Бухоро вилоятида 13 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда 12 августдан бери энди янги ҳолатлар рўйхатга олинди. Август ойида Бухорода коронавирусга чалиниш ҳолатлари 186 тага кўпайди, бу вилоятдаги жами касалланиш ҳолатларининг 18 фоизига тенгдир. Коронавирус юқтириб олганлар орасида Бухоро вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов ҳам бор, унда 25 июль куни коронавирус аниқланган, ҳозирда у Тошкентда даволанмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида 10 кишида COVID-19 аниқланди. Август ойида Қорақалпоғистонда жами 82 кишида коронавирус аниқланди. Бу Республикадаги жами касалланиш ҳолатларининг 18,7 фоизига тенгдир.

Наманган вилоятида 5 кишида коронавирус аниқланиб, касалланганлар сони 825 нафарга етди. Ушбу бешта ҳолат ҳақида ССВ 16 август соат 10:00 да хабар берди, аммо Namkoronavirusinfo канали 15 август соат 17:00 ҳолатига кўра беморлар сони 5 нафарга ошиб, 825 нафарга етганини маълум қилганди.

Андижон вилоятида 3 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда бир ой ичида (17 июлдан бери) фақат 3 марта — 25 июль, 8 август ва 15 август кунлари янги касалланиш ҳолатлари аниқланмади. Ҳозир Андижонда коронавирусга чалинганлар сони 1143 нафарга етган. Бу водийнинг қолган икки вилояти — Наманган (825 та ҳолат) ва Фарғона (310) вилоятларидаги умумий касалланганлар сонидан (1135) ҳам кўп деганидир.

Фарғона вилоятида 3 кишида коронавирус аниқланди. Фарғонада коронавирусга чалинганлар сони 310 нафарга етди. Ушбу ҳолатларнинг 56 таси ёки 19 фоизи августда аниқланди.

Хоразм вилоятида 2 кишида COVID-19 қайд этилди. Кетма-кет учинчи кун Хоразмда янги беморлар рўйхатга олинмоқда. Бунақаси вилоятда ёз ойида ҳеч ҳам кузатилмаган («Дарё» коронавирус беморлари бўйича кунлик ҳисоботларни 1 июндан бошлаганди).

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ Тошкент шаҳрида 4 нафар, Бухоро ва Тошкент вилоятларида 1 нафардан, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этганини хабар берди. ССВ 12—15 август кунлар ҳар куни 5 нафардан бемор вафот этаётгани ҳақида хабар берганди. Ўлимлар сони яна 6 тага чиқди.

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшаган 66 ёшли М.Х. исмли аёл вафот этган.

Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшаган 71 ёшли З.М. исмли эркак вафот этган.

Учинчи ўлим. Тошкент вилояти Зангиота туманида яшаган 64 ёшли К.Н. исмли эркак вафот этган. ССВ Тошкент вилоятида 3 августдан бери 15 киши вафот этгани ҳақида хабар берди. Ҳозирда вилоятлар ўлимлар сони ССВ ҳисоби бўйича 26 тага етган.

Тўртинчи ўлим. Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшаган 73 ёшли Н.Қ. исмли эркак вафот этган.

Бешинчи ўлим. ССВ Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшаган 51 ёшли Ғ.Ж. исмли эркак вафот этганини хабар қилди. Маълум бўлишича, вафот этган эркак Шофиркон тумани ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи давлат ЙҲХХ катта инспектори майор Жумаев Ғофуржон Холмуродовичдир.

Фото: ЙҲХББ

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси раҳбарияти ва шахсий таркиби 16 август куни Ғофуржон Жумаевнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг қариндош ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этганди.

Олтинчи ўлим. Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшаган 68 ёшли Ж.С. исмли эркак вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 232 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 241 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 19 июль куни Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова, 22 июлда бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. 31 июль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси, 53 ёшли Хайриддин Шермуҳамедов, 1 август куни Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси «Буюк келажак» кенгаши эксперти Санжар Жалолов 58 ёшида вафот этгани хабар берилди. Бироқ ушбу тўққиз ҳолат ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 4124 нафар бемордан 813 нафари оғир, 234 нафари эса ўта оғир аҳволда. Аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 4 кундан буён камаймоқда: 12 август куни 1785 кишининг аҳволи оғир бўлган бўлса, 13 августда 1740, 14 августда 1651, 15 август куни 1306, энди эса 1047 нафар беморнинг аҳволи оғир. Бу сўнгги 10 кун ичидаги энг паст кўрсаткич. Ҳозирда даволанаётган беморларнинг 25 фоизи ёки бошқача айтганда ҳар 4 нафар бемордан 1 нафарининг аҳволи оғир бўлиб турибди.

Касалликдан даволаниш

16 август куни Ўзбекистоннинг 10 та ҳудудида 930 киши коронавирусдан соғайди. 11 августдан 15 августгача ҳар куни 1000 нафардан ортиқ бемор тузалаётганди, 12 август кунидаги 1569 нафар беморнинг соғайиши ҳозирча рекорд бўлиб турибди.

Янги тузалганларнинг

  • 625 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 216 нафари Тошкент вилоятида;
  • 31 нафари Самарқанд вилоятида;
  • 15 нафари Бухоро вилоятида;
  • 12 нафари Қорақалпоғистон Республикасида;
  • 11 нафари Сирдарё вилоятида;
  • 8 нафари Навоий вилоятида;
  • 5 нафари Андижон вилоятида;
  • 4 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 3 нафари Фарғона вилоятида касалликдан фориғ бўлди.

ССВ ушбу беморлар стационар ва уй шароитида даволанганини айтган. Бироқ уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига аниқлик киритилмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 35329 нафар бемордан 30973 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 87 фоизни ташкил этмоқда. Даволаниш кўрсаткичи бўйича кетма-кет учинчи кун рекорд янгиланмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 4124 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. 29 июль куни беморлар сони 9500 дан ортиқ эди. 30 июлдан бошлаб даволанаётган беморлар сони камая бошлади. Эслатиб ўтамиз, 10 июлдан Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари «қизил» ҳудудга тенглаштирилиб, карантин чекловлари кучайтирилганди9 июль соат 23:30 ҳолатига кўра эса коронавирусдан даволанаётганлар сони 4226 нафарни ташкил этганди. Бу даволанишдаги беморлар сони карантин чекловлари кучайтирилишидан аввалги кўрсаткичга тушганини англатади.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 3044 нафар. Фарғонада 5, Жиззахда 9, Қашқадарёда 18, Навоийда 20, Сурхондарёда 27, Хоразмда 28, Қорақалпоғистонда 33, Сирдарёда 35, Наманганда 45, Андижонда 45, Бухорода 74, Самарқандда 148 ва Тошкент вилоятида 593 нафар бемор қолди.