СВОЖЖДЛҚК департаментининг Тошкент вилоят бошқармаси бўлим бош тафтишчисининг маълум қилишича, «Бекободйўлсаноат» ишлаб чиқариш корхонасининг темирйўл цехига 2001 йилдан бери раҳбарлик қилиб келган шахс ўзининг моддий жавобгарлигида бўлган давлат мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилганлиги фош этилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқ» газетаси хабар бермоқда.
Аввалига цех бошлиғи корхонанинг темирйўл цехига тегишли бўлган тепловоз двигателини номаълум шахсларга пуллаб юборган. Кейинги сафар юк ташувчи вагонларни бўлакларга бўлиб, арзимаган пул эвазига номаълум шахсларга сотиб юбораверган. Шу тариқа, у 7 вагонни пуллаб, маблағларини ўз манфаати учун ишлатган.
Судга оид товаршунослик экспертизасининг хулосасига кўра, цех бошлиғи сотиб юборган вагонлар ҳар бирининг баҳоси 7 миллиондан 9 миллион сўмгачани ташкил этган. У сотган биргина тепловоз двигателининг баҳоси эса 185 миллион 640 минг сўм бўлган. Тергов жараёнида аниқланишича, бу кимса томонидан талон-тарож қилинган моддий бойликлар 249 миллион 810 минг сўмни ташкил этган.
Жиноят ишлари бўйича Бекобод туман суди ҳукми билан цех бошлиғи умрининг 6 йилини панжара ортида ўтказадиган бўлди. Шунингдек, бу кимса томонидан давлатга етказилган зарар тўлиқ қопланадиган бўлди.
Изоҳ (0)