Қўшма Штатлар долларнинг жаҳон захира валютаси сифатидаги ролига путур етказишидан хавотирланиб, амалдаги Америка санкция сиёсатини қайта кўриб чиқади. Трамп Молия вазирлиги раҳбарига тегишли топшириқ берди. Бу ҳақда мамлакат молия вазири Скотт Бессент Fox Business телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

“Трамп менга санкциялар режимини қайта кўриб чиқишни топширди. Узоқ вақт давомида бизда мен “дангаса санкциялар” деб атайдиган нарса бор эди. Ўйлаймизки, улар долларнинг захира валютаси сифатидаги ролига путур етказмоқда, одамлар доллардан воз кечмоқда. Биз энг таъсирчан санкциялар тизимига ўтишни режалаштирмоқдамиз”, деди Бессент.
Бессентнинг сўзларига кўра, Американинг аввалги маъмуриятининг Россияга қарши чекловлари жуда самарасиз бўлган, уларнинг таъсирчанлигини ўндан олтигача баҳолаш мумкин, янги маъмурият эса уларни ўндан ўнгача кўтариши мумкин.
Аввалроқ, Трамп Россияга қарши санкциялар бўйича баёнот берганди. У Украина можароси ҳал этилгандан сўнг чекловлар бекор қилиниши мумкинлигини айтганди. Россия президенти Владимир Путин бу масалада алданиб қолмасликка чақирди. Унинг фикрича, Ғарбда “Россия Федерациясининг йўлига ғов бўлишни давом эттириш учун” яна бошқа нарсани ўйлаб топишади.
Вашингтон 10 январь куни Москвага нисбатан янги чекловлар жорий этганидан сўнг, Россия нефтини олиб кетаётган камида 65 та танкер Хитой, Сингапур ва Россия қирғоқларида тўхтаб қолганди.
Изоҳ (0)