АҚШ президенти Дональд Трамп 18 март куни россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан бўлиб ўтадиган суҳбатда қайси ҳудудлар Россия назоратида қолишини муҳокама қилади. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленскийнинг ёрдамчиларига таяниб, The New York Times хабар берди.

Трамп ҳудудий масала бўйича Путинни қўллаб-қувватлаши мумкин. Бундан ташқари Украина Россиянинг назоратига Одесса порти ўтиши эҳтимолидан хавотирда. АҚШ президенти ёрдамчилари Россия 2014 йилда аннексия қилинган Қримни “шубҳасиз ўзида сақлаб қолишини”, Украина ерларининг тахминан 20 фоизи унинг назоратида сақлашини тахмин қилган.
Трампнинг ўзи бу масала бўйича муҳокамалар тафсилотларини ва уни ҳал қилиш бўйича кейинги режаларни ошкор қилмаган. Украина президенти Владимир Зеленскийнинг ёрдамчилари февраль ойида Трамп бошқа баъзи ҳудудлар, жумладан, муҳим Одесса портига нисбатан “Путиннинг истакларини” қондириши мумкинлигидан хавотирда эканликларини билдирган. The New York Times Украина вакилларининг бундай хавотирлари нимага асосланганига аниқлик киритмаган.
13 март куни Москвада Владимир Путин билан музокаралар ўтказган АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф томонлар Қора денгиздаги “портларга кириш” бўйича эҳтимолий келишувни муҳокама қилганини айтганди.
Трамп ва Путиннинг телефон орқали мулоқоти 18 мартга белгиланган. АҚШ президентига кўра, улар “ер ва электр станциялари ҳақида гапиради”. Трамп Украина бўйича тинчлик келишувининг “кўплаб элементлари” аллақачон келишилгани, “лекин ҳали қилинадиган ишлар кўп” эканини қайд этган.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио таъкидлашича, Украина ҳар қандай тинчлик келишуви учун ҳудудий ён беришга мажбур бўлади. Зеленский Путиннинг шартларини “ультиматум” деб атаган, йўқотилган ҳудудларни Россияга тегишли деб тан олишни бир неча бор рад этган. Бу Украина учун музокаралардаги “қизил чизиқ” ҳисобланади.
♦ Украинанинг урушни тугатиш шартлари
Украина қўшинларни 1991 йил чегараларига олиб чиқишни назарда тутувчи “тинчлик формуласи”ни амалга оширишни талаб қилмоқда. Гап 2014 ва 2022 йилларда Россия томонидан у ерда ўтказилган “референдумлар” ва Украинанинг Қрим, Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятлари ноқонуний аннексия қилингани ҳақида кетмоқда. Москва “тинчлик формуласи” асосида музокаралар олиб бориш имкониятини истисно қилади. Бундан ташқари Украина тинчликка эшитилганидан кейин Россия ҳужумни қайта бошламаслиги учун хавфсизлик кафолатлари талаб қилмоқда. Бу тинчликпарвар контингентни Украинага жойлаштиришни назарда тутади. Россия эса хорижий иштирокни қабул қилмаслигини қайд этган.
♦ Россия шартлари
Путин ўт очишни тўхтатиш учун ўз шартларини илгари сурди, жумладан, Украина қўшинлари ўзини ўзи мустақил деб эълон қилинган ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорожье вилоятларидан олиб чиқилиши, ушбу тўртта ҳудуд ва Қрим гўёки халқаро миқёсда Россиянинг бир қисми сифатида тан олиниши, Украинанинг НАТОга аъзоликдан воз кечиши ва санкцияларни олиб ташлаш. Зеленский бу таклифни “ишониб бўлмайдиган” ультиматум деб атади.
Изоҳ (0)