Эндиликда ҳар бир қурилаётган объектнинг кўриниш жойига буюртмачи ёки қурувчи томонидан илиб қўйилган QR код орқали қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлиш мумкин. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда “Дарё” мухбири.
![](/static/2025/02/10/qurilish-CETZ-Xns.jpg)
Таъкидланишича, 2024 йилда вазирлик ҳузуридаги Ахборот коммуникация-технологияларини ривожлантириш Республика маркази томонидан бир қанча ахборот тизимлари ишлаб чиқилган ва такомиллаштирилган. Президент топшириғига асосан қурилиш соҳасидаги жараёнларни самарали ва шаффоф бошқариш мақсадида янги қурилишларда давлат назорати тизими жорий этилган.
“Муҳим янгиликлардан яна бири, ҳар бир объект учун QR кодли паспорт жорий этилган бўлиб, ушбу код орқали объект ҳақидаги барча маълумотларни реал вақт режимида олиш мумкин. Бу республикадаги барча фуқаролар ва жамоат назорати вакилларига қурилиш объектлар ҳолатини қулай тарзда кузатиш имконини беради.
Бунинг учун ҳар бир қурилаётган объектнинг кўриниш жойига буюртмачи ёки қурувчи томонидан QR код илиб қўйилади. Ушбу QR кодга телефонни йўналтириб, қуйидаги маълумотларга эга бўлиш мумкин:
— Объектнинг турига кўра қандай объект қурилаётгани;
— Буюртмачи, лойиҳачи ва қурувчи ташкилотлар номлари;
— Қурувчининг рейтинги;
— Лойиҳага тегишли шаҳарсозлик ҳужжатлари.
Шунингдек, объектнинг фойдаланишга топшириш муддатлари билан танишиш имконияти ҳам мавжуд.
QR кодли паспорт жорий этилишидан асосий мақсад фуқаролар томонидан энг кўп бериладиган “кўп қаватли уйлардан хонадон харид қилишда ушбу уй қонуний қурилмоқдами ёки йўқ?” каби саволларга жавобларни қулай тарзда олиш мумкин”, дейди Марказ директори ўринбосари Элдор Сиддиқов.
Аввалроқ Ўзбекистонда қурилиши якунланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш тўлиқ рақамлаштирилиши ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)