Standard and Poor’s халқаро рейтинг агентлиги “Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари банкларининг 2025 йилги истиқболлари” ҳисоботини эълон қилди.

Унда таъкидланишича, Ўзбекистон банклари келгуси икки йил ичида молиявий оммабопликнинг пасайиши ва уй хўжаликларининг даромади пастлигига каби муаммоларга дуч келиши мумкин.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда истеъмол ва микрокредитлар улушининг ошиши банк кредит портфелида риск даражаси юқори бўлган сегментларнинг кўпайганидан далолат беради.
Маълум қилинишича, банклар операциялар маржиналлигини ошириш мақсадида таъминотсиз истеъмол кредитлари ҳажмини ҳамда кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришни кенгайтиришда давом этмоқда.
Қўшимча қилинишича, кредитлашнинг агрессив кенгайиши, рақобатнинг кучайиши, жумладан, хорижий ўйинчиларнинг фаол кириб келиши, шунингдек, ҳали шаклланмаган рискларни бошқариш маданияти жадал ўсиб бораётган банклар активларининг сифати учун жиддий синов бўлади.
Маълумотларга кўра, регулятор томонидан 2023 йилдан бошлаб кўрилган чора-тадбирлар чакана кредитлашнинг жадал ўсишини тўхтатиб, 2024 йилда унинг суръатини 20 фоизгача пасайтиришга имкон берди, аввалги йилларда бу кўрсаткич тахминан 50 фоизга етган эди.
Изоҳ (0)