Шавкат Мирзиёев 7 февраль куни хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича асосий вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида мутасаддиларга онлайн кредит олиш тартибини соддалаштириш бўйича қарор ишлаб чиқиб, киритишни топширди.
![](/static/2025/02/07/photo_2025-02-07_12-08-59-PI6A-UXt.jpg)
Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелгача банкларда онлайн кредит ажратиш бўйича вақтинчалик тартиб йўлга қўйилганди. Унга кўра, фуқаролардан кредит ташкилотининг мобил иловаси орқали кредит ажратиш бўйича ариза юбориш жараёнида биометрик идентификациядан ўтиш талаб этилади. Бу кредит олиш учун ариза фуқаронинг шахсан ўзи томонидан берилганини аниқлаш ва унинг шахсига яна бир бор ойдинлик киритиш учун керак.
Шу билан бирга, фуқаро томонидан кредит олишга ариза юборилгандан сўнг унинг кредит тарихи 2 босқичда (ариза тушгандан сўнг ҳамда кредит маблағлари ажратилишидан олдин) ўрганилади. Текширув натижасига кўра, мижознинг қарз юки ошгани ёки муддати ўтган қарздорлик мавжудлиги аниқланса, кредит ажратиш рад этилиши ёки бошқа суммада ажратилиши тўғрисида хабар берилади.
Марказий банк мутасаддилари мазкур тизим фирибгарлар алдовига учган фуқаролар номига бир нечта кредит ташкилотларидан кредит маблағлари ажратилишининг олдини олишини айтганди. Марказий банк томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2024 йилда фирибгарлик йўли билан фуқаролар номига онлайн кредит ажратиш орқали 463 та ҳолатда қарийб 15 миллиард сўм миқдорда моддий зарар етказилган.
Шавкат Мирзиёев йиғилишда банклар жорий йилда масофавий хизмат кўрсатишни камида 30 фоизга ўстириши муҳимлиги ҳам таъкидлаб ўтди.
Изоҳ (0)