Россия ҳужуми кучайиши фонида Исроилдаги Patriot зенит-ракета комплекси Украинага берилади. Бу ҳақда тўртта собиқ ва амалдаги Америка расмийларига таяниб, The New York Times хабар берди.

Маълум қилинишича, гап зенит-ракета комплексининг (ЗРК) эски модификацияси ҳақида бормоқда. Тизим Исроилда капитал таъмирдан ўтмоқда, у ёзга қадар Украинага етказилади. Украина Қуролли кучлари арсеналида ҳозирда саккизта ZRK мавжуд, аммо улардан фақат олтитаси ишчи ҳолатда.
Иккитаси таъмирланмоқда. Агар Исроил ва Германия ёки Греция Киевга битта тизимни топширса, уларнинг сонини ўнга етказиш мумкин, деди америкалик амалдорлардан бири.
Ҳар қандай Patriot комплексини етказиб бериш АҚШнинг тасдиғини талаб қилади. Оқ уйнинг собиқ амалдорига кўра, маъмурият сентябрь ойида, Дональд Трамп президентлик сайловларида ғалаба қозонишидан олдин, мажмуани Исроил билан жўнатишга келишиб олган.
Трамп лавозимга киришганидан бери Украинанинг қўшимча Patriot сўровлари очиқчасига рад этиб келинмоқда. Гарчи Украина президенти Владимир Зеленский уларни сотиб олишга тайёрлигини билдирган бўлса-да. Сиёсатчи мамлакатни тўлиқ ҳимоя қилиш учун 25 та шундай тизим кераклигини айтган. Пентагон Украина армиясига аввал тасдиқланган пакетлардан қурол-яроғ етказиб беришда давом этаётганини маълум қилди.
2024 йил ёзида АҚШ, Исроил ва Украина саккизтагача Patriotʼни Киевга топшириш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабар берилганди. ЗРКдан фойдаланиш муддати 30 йилдан ошгани сабабли уларни ҳисобдан чиқариш режалаштирилган эди. 2025 йил январида АҚШ ҳарбийлари Исроилдаги омборлардан 90 га яқин Patriot ракетасини олиб чиқиб, Украинага юбориш учун Польшага етказганини таъкидлаган.
Patriot тизимини яратиш 1 миллиард долларга тушади ва унга хизмат кўрсатиш учун 90 га яқин ҳарбий хизматчи талаб этилади. Битта батарея қувват қурилмаси, радарлар, бошқарув тизими ва ҳар бири тахминан 4 миллион доллар турадиган тўртта тутиб олувчи ракетага эга 5-8 та учириш қурилмасидан иборат. Халқаро стратегик тадқиқотлар институти маълумотларига кўра, дунёда 186 га яқин Patriot тизими ишлатилади. Уларнинг учдан бир қисми АҚШга тегишли. Европа мамлакатларида, жумладан Украинада ҳам, 40 га яқин шундай қурилма мавжуд.
Изоҳ (0)