Альянс бош котиби Йенс Столтенберг Киевга ташрифи чоғида НАТО давлатлари Украинага берган ваъдаларини бажармаганини таъкидлади. Натижада рус армияси фронтда устунликка эришди. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
Унинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар Украинага ҳарбий ёрдам пакетини келишиб олиш учун олти ой вақт керак бўлган. Европа иттифоқчилари эса бу вақтда эълон қилинган ўқ-дори ва қурол-яроғни етказиб бера олмаган.
Столтенберг Киевга Американинг Патриот ҳаво мудофаа тизимларини етказиб бериш НАТО учун устувор вазифа эканини айтган.
Украина бир неча ойлардан бери қурол етишмаётгани сабабли ўқ-дориларни тежашга мажбур. Бу Россиянинг фронтда олдинга силжишга муваффақ бўлганини англатади. Лекин ҳали кеч эмас, Украина ғалаба қозониши мумкин, — деди НАТО раҳбари.
Айни пайтда, Москвада Украинадаги уруш пайтида қўлга олинган Ғарб ҳарбий техникасини намойиш этадиган кўргазма очилишига тайёргарлик кетмоқда.
Хабарларга кўра, Россиянинг Одессага берган сўнгги йирик зарбаси натижасида камида тўрт киши ҳалок бўлган. 30 га яқин киши яраланган. Турар жой бинолари ва фуқаролик инфратузилмаси ҳам зарар кўргани айтилмоқда.
Изоҳ (0)