Америкалик сенатор Линдси Грем 72 нафар сенат аъзоси Россияга қарши янги санкциялар тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаётганини маълум қилди. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.

Лойиҳага кўра, Россиядан нефть, нефть маҳсулотлари, табиий газ ёки уран сотиб олаётган мамлакатлардан импорт қилинадиган маҳсулотларга 500 фоизлик божлар жорий этилади. Бундан ташқари, лойиҳа АҚШ фуқароларига Россия давлат қарзини сотиб олишни тақиқлашни кўзда тутади.
Агентликнинг таъкидлашича, агар Россия раҳбарияти Украинадаги можарони тугатиш бўйича “жиддий музокаралар”ни бошламаса, мазкур қонун лойиҳаси қабул қилиниши мумкин.
“Бу санкциялар Сенатнинг нуқтайи назарини акс эттиради. Биз асосий ёвуз томон Россия эканлигини кўряпмиз”, - дея таъкидлайди Грем.
У санкциялар тўғрисидаги қонун лойиҳасини овозга қўйиш учун Вакиллар палатасида ҳам етарли даражада қўллаб-қувватлаш мавжудлигини қўшимча қилди.
АҚШ молия вазири Скотт Бессент пресидент Дональд Трамп долларнинг жаҳон захира валютаси сифатидаги ролига путур етказишидан хавотирланиб, амалдаги Америка санкция сиёсатини қайта кўриб чиқиши бўйича топшириқ бергани хабар берилганди.
Бессентнинг сўзларига кўра, Американинг аввалги маъмуриятининг Россияга қарши чекловлари жуда самарасиз бўлган, уларнинг таъсирчанлигини ўндан олтигача баҳолаш мумкин, янги маъмурият эса уларни ўндан ўнгача кўтариши мумкин.
Аввалроқ, Трамп Россияга қарши санкциялар бўйича баёнот берганди. У Украина можароси ҳал этилгандан сўнг чекловлар бекор қилиниши мумкинлигини айтганди. Россия президенти Владимир Путин бу масалада алданиб қолмасликка чақирди. Унинг фикрича, Ғарбда “Россия Федерациясининг йўлига ғов бўлишни давом эттириш учун” яна бошқа нарсани ўйлаб топишади.
Вашингтон 10 январь куни Москвага нисбатан янги чекловлар жорий этганидан сўнг, Россия нефтини олиб кетаётган камида 65 та танкер Хитой, Сингапур ва Россия қирғоқларида тўхтаб қолганди.
Изоҳ (0)