Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги 39-боғчада ходимларнинг ўзаро тортишуви акс этган видео тарқалиб, жамоатчилик эътиборини тортди.
Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизматининг расмий хабарига кўра, видеодаги ҳолат 2024 йил сентябрь ойида юз берган. Аниқланишича, воқеа мазкур муассасанинг хўжалик ишлари мудири ҳамда тарбиячиси ўртасида келиб чиққан шахсий тортишув оқибатида юзага келган. Ҳодиса натижасида ҳеч ким жароҳат олмаган ва жабрланганлар қайд этилмаган.
Ҳолатдан сўнг 39-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти хўжалик мудири билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Шунингдек, боғча директори ҳамда тортишувда иштирок этган тарбиячига нисбатан амалдаги қонунчилик доирасида тегишли жазо чоралари қўлланилган.
Боғчалардаги воқеалар
2025 йил 3 апрель куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги боғчада болаларга қўпол муносабатда бўлган тарбиячи ишдан олингани маълум қилинди. 27 март куни Тошкент вилоятидаги боғчада ҳам болаларга қўполлик қилиб келган тарбиячи ишдан олинганди. 14 февраль куни Самарқанднинг Жомбой туманидаги боғчада тарбиячи болаларни уриб, уларни ҳақоратлагани учун жаримага тортилиб, ишдан кетганди.
28 февраль куни Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги боғчада тарбиячи болаларнинг қулоғидан тортиб, юз ва бош қисмларига бир неча маротаба ургани аниқланди. 21 февралда Тошкентдаги боғчада бола стулга скотчлаб қўйилгани ортидан тарбиячи ва унинг ёрдамчиси ишдан бўшатилди. 6 февраль куни Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги боғчада 6 ёшли боланинг танасига игна санчиб, таҳдид қилингани аниқланди.
6 январда Тошкент вилоятидаги боғчада тарбиячи болаларнинг қулоғидан тортиб, бир неча маротаба ургани аниқланиб, ишдан олинди.
Изоҳ (0)