Озарбайжоннинг Minval нашри сайтида Калининград Кёнигсберг деб аталган мақола чоп этилди. Бу Хонкенди Степанакерт деб атаган “ТАСС” хабарига муносабат бўлди.
Озарбайжоннинг Minval нашри сайтида Россиянинг Калининград шаҳри Кёнигсберг деб номланган мақолалар пайдо бўлди. Масалан, янгиликлардан бири “Россия Кёнигсбергда С-400 ва зарба берувчи тизимларни жойлаштирди” сарлавҳаси билан чоп этилди. Бошқа мақолаларда эса Оренбург шаҳри Ўринбор, Волга дарёси эса Итил деб аталган.
Minval Россиянинг “ТАСС” ахборот агентлиги томонидан Озарбайжоннинг Қорабоғдаги Ханкенди шаҳрида рассом Иван Айвазовский ҳайкалининг бузилиши ҳақида чиққан хабарига жавоб тариқасида шундай ёзди. “ТАСС” ўз хабарида совет давридаги топонимлар — Қорабоғ ўрнига Тоғли Қорабоғ ва Ханкенди ўрнига Степанакерт номларини ишлатган.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги норозилик билдириб, “ТАСС”дан узр сўрашни талаб қилган. Вазирлик баёнотига кўра, давлат ахборот агентлиги томонидан “Степанакерт” номининг қўлланилиши мамлакат ҳудудий яхлитлигига нисбатан ҳурматсизлик ва ҳақорат сифатида қабул қилинади.
Шунингдек, Озарбяжон ТИВ ўз баёнотида, ўзаро жавоб чораси сифатида, Озарбайжон Россиядаги айрим топонимларни ўзининг тарихий номлари билан аташидан огоҳлантирган. “ТАСС” ахборот агентлиги Озарбайжоннинг танқидига жавобан хабар матнига ўзгартишлар киритган.
Изоҳ (0)