Рақобат қўмитасига республика бўйлаб истеъмолчилар томонидан коммунал соҳаси – электр таъминотига оид тушган мурожаатларнинг аксариятида электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарини харид қилиш, ўрнатиш, рўйхатдан ўтказиш, даврий давлат қиёслови ва пломбалаш жараёнлари, шунингдек, асоссиз қарздорликларни юзага келаётгани юзасидан эътирозлар билдирилган. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар бермоқда.
Тошкент шаҳарида Д.У. исмли шахс хонадонида электр таъминоти кучланиши ошиб кетганлиги сабабли ушбу ҳудуддаги хонадонларда барча маиший техникалар ишдан чиққанлиги ва ёнғин содир бўлганлиги натижасида етказилган 2 миллион 350 минг сўм зарарни ундириб берилган.
Қорақалпоғистонда яна бир шундай ҳолатда электр энергия кучланиши натижасида музлаткич, телевизор ва тикув машиналари ишдан чиққанлиги маълум бўлган. Таъминотчи корхонага нисбатан тегишли тартибда иш қўзғатилган ва электр энергия кучланиши натижасида ишдан чиққан жиҳозларнинг таъмирлашга сарфланган маблағларини қоплаб бериш тўғрисида бажарилиши лозим бўлган кўрсатма берилган.
Наманган вилоятида фуқарога электр таъминоти корхонаси асоссиз ҳисоблаган 4 миллион 750 минг сўм қарздорлик бекор қилинган. Тошкент, Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё ҳамда Фарғона вилоятида фуқароларга ортиқча ва асоссиз ҳисобланган маблағлар олиб ташланган.
Андижон вилоятида эса “Навоий” маҳалласида симёғочлар эскирганлиги, бунинг оқибатида электр симлари мунтазам узилиб қолаётганлиги ва бу ҳолатлар инсон ҳаётига хавф туғдириш даражасида эканлиги маълум бўлган. Ўрганиш натижасида маҳаллага 8 та янги, замонавий симёғочлар ўрнатиб берилган.
Изоҳ (0)