Покистон Мудофаа вазирлиги Ҳиндистон билан урушга тайёрлигини эълон қилди. Бу ҳақда вазирликка таяниб, Ҳаққин.аз хабар берди.

Покистон ўз мурожаатида Ҳиндистон ҳудудларидан бирини тор-мор қилиш билан таҳдид қилган. Мудофаа вазирлиги ракета учирилгани акс этган видеони саҳифасига жойлаган.
Раҳмат, Моди (Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди), сен миллатимизни бирлаштирдинг. Урушни хоҳлайсанми? Покистон тайёр, дейилади расмий мурожаатда.
Ўз навбатида, Покистон мудофаа вазири мазкур вазият хавотир уйғотиши кераклигини қайд этди.
Дунё икки ядровий давлат — Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги қарама-қаршилик кучайиб бораётганидан хавотирга тушиши керак, деди мудофаа вазири Хаважа Асиф.
Унинг фикрича, бу можаро “кенг кўламли уруш”га айланиб кетиши мумкин. Шу билан бирга, Асиф низони музокаралар йўли билан ҳал қилиш мумкинлигига умид билдирди.
Давлатлар ўртасидаги муносабатнинг кескинлашиши сабаби
Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар 22 апрель куни бир гуруҳ террорчилар баҳсли Жамму ва Кашмир ҳудудида тинч аҳоли ва сайёҳларга ҳужум қилганидан кейин кескинлашди. Теракт оқибатида 27 киши ҳалок бўлган (улардан 25 нафари Ҳиндистон фуқаролари). Ҳужум учун жавобгарликни Kashmir Resistance гуруҳи ўз зиммасига олган.
Шундан сўнг Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги Покистон фуқароларидан мамлакатни тарк этишни талаб қилди. Ҳиндистон Покистонни террорчиларни қўллаб-қувватлашди айблаб, кескин чоралар кўрди. Жумладан, Аттари назорат-ўтказиш пункти ёпилди. 1960 йилги Ҳинд дарёси сувларидан фойдаланиш бўйича битим дарҳол тўхтатилди.
Покистон фуқаролари учун визасиз кириш тартиби бекор қилинди. Илгари берилган барча визалар ноллаштирилади. Покистонликларга мамлакатни 48 соат ичида тарк этиш топширилди. Бундан ташқари покистонлик ҳарбий маслаҳатчилар бир ҳафта ичида Ҳиндистондан чиқиб кетиши лозим.
Президент Шавкат Мирзиёев Кашмирда содир бўлган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани, жиддий жароҳат олгани муносабати билан Ҳиндистон президенти Драупади Мурму ва бош вазири Нарендра Модига таъзия йўллаган.
Изоҳ (0)