Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Сергели туман Ички ишлар бошқармасида фуқаро Жавоҳир Қурбонов қийноққа солингани ҳақида хабарлар тарқалди. Омбудсман ҳолатга муносабат билдирди.

Келтирилишича, жорий йил 8 февраль куни Ж.Қурбонов ушбу туман Ички ишлар бошқармасига чақиртирилган ва у ерда икки кун давомида ноқонуний равишда ушлаб турилиб, турли шаклларда зўравонликка дучор қилинган.
Натижада оёғи сингани, бош қисми лат егани ва шишлар кузатилгани маълум қилинган. Мазкур ҳолат Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили назоратига олинди. Ҳолат юзасидан Бош прокуратурага омбудсман талабномаси киритилди.
Омбудсман ушбу ҳолатни қонун талаблари доирасида кўриб чиқилиши, воқеанинг барча жиҳатларини очиқ ва адолатли суриштирувини таъминлашни сўраган.
Ҳибсда вафот этаётганлар иши
18 март куни бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг 2024 йилдаги фаолияти муҳокама қилинди.
Муҳокамалар жараёнида сенатор Ҳусан Эрматов президентнинг тегишли қарорига кўра, сўроқ жараёнини стенограмма қилиш, видеокузатув, шунингдек, тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган хоналарни ташкил этиш бўйича ишлар қай даражада экани юзасидан ИИВ масъулларига савол берди. Саволга ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошқарма бошлиғи Шерзод Шерматов жавоб берди. Унинг айтишича, бугунги кунда департамент ва унинг ҳудудий бўлимларида тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган 57 та махсус хоналар ташкил этилган.
Февраль ойида Сурхондарёда сўроққа олиб кетилган фермер вафот этган, ИИВ Жазони ижро этиш департаментининг Олмалиқдаги 14-сонли колониясидан 21 яшар маҳкум — Муҳаммадқодир Пўлатовнинг жасади чиққан эди.
Маълумот учун, қийноқ оқибатида келиб чиққан ўлим ҳолатлари учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Унга кўра, Жиноят кодексига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ 235-модда 3 ва 4-қисм билан тўлдириляпти:
- ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар баданга оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;
- ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар жабрланувчининг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ (0)