Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида яшовчи ҳали олти ёшга ҳам тўлмаган Акбаршоҳ Қаноатов онаси ва ўгай отаси томонидан қийноққа солинганини, “дом”дан пастга ташлаб юбориш билан қўрқитилганини айтгани хабар берилганди. Боланинг отаси Улуғбек Азизовнинг “Дарё”га маълумот беришича, Акбаршоҳнинг тақдири судда кўриб чиқилади.
Эртага бўладиган судда ўғлимнинг кимда қолиши маълум бўлади, — дейди боласи қийноққа солинганини айтган ота.
Улуғбек Азизовнинг билдиришича, у фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига мурожаат қилиб, боланинг яшаш жойини белгилаш ҳамда собиқ турмуш ўртоғи Лайло Жовлиевани оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишни талаб қилиб, даъво киритган.
Ўғлим Акбаршоҳнинг ўз онаси Лайло Жовлиева томонидан қийноққа солингани, оёғидаги кўкаришларни кўриб, собиқ турмуш ўртоғимнинг айни кундаги эри Жасур исмли шахснинг боламни қўрқитгани, мунтазам равишда унга зулм ўтказиб келганини эшитиб, судга мурожаат қилишга мажбур бўлдим, — дейди “Дарё” журналисти билан суҳбатлашган ота.
Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2024 йил 13 март куни бўлиб ўтадиган навбатдаги мажлисида даъвогар сифатида кўриниш берадиган Улуғбек Азизов суддан фарзандига қилинган жисмоний ҳамда руҳий тазйиқларни инобатга олиб, ўғлининг яшаш жойини у яшаётган манзилга кўчиришни ҳамда Лайло Жовлиевани оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишни сўраган.
“Дарё” журналисти Лайло Жовлиева билан боғланиб, унинг бу борадаги фикрларини олишга уринди. Шунингдек, у ҳам судга даво ариза киритган ёки киритмаганига аниқлик киритишга ҳаракат қилди. Бироқ Лайло Жовлиева қайта-қайта қилинган телефон қўнғироқларига жавоб бермади.
Фарзанди тақдиридан ташвишланаётганини айтган ота Улуғбек Азизов таҳририятга қилган дастлабки мурожаатида қийноққа солинаётганини айтган боласининг тақдиридан ташвишланиб, кўплаб ташкилотларга мурожаат қилганини, ўнлаб раҳбарлар эшигини қоққанини, бироқ, ҳеч қандай натижага эришмаганини ҳикоя қилиб берганди.
Мен фарзандим соғ-саломат улғайишини, адолат таъминланишини хоҳлайман холос. Мен раҳбарлардан дунё сўрамаяпман. Ёки бирор бир жиноят содир этиб, уни ёпишларини илтимос қилмаяпман. Фарзандим руҳий азоб чекиб, қийналаётгани сабаб уни ҳимоя қилишга ҳаракат қилаётган отаман, — деганди у.
“Дарё”га тақдим қилинган видеоматериалларда боланинг танасида қонталашлар борлигини, кўкаришлар юзага келганини кўриш мумкин. Шунингдек, болага Ички ишлар ходимлари экани айтилган суҳбатдошларнинг савол бергани, Лайло исмли аёлга бориши кераклигини айтгани эшитилган. Бунга жавоб берган бола эса Лайло ва Жасур исмли фуқаролар уни урганини айтиб, онасига бормаслигини гапиргани эшитилган.
Акбаршоҳ ўғлим, собиқ аёлим ва унинг ҳозирги ундаги турмуш ўртоғи томонидан доимий калтакланади. Қийноққа солинади. Ҳар шанба ва якшанба кунлари ўғлимни олишга бораман ва доим аҳволи хароб эканини кўраман. Бу ҳолатни кўриш, ўғлимнинг қалбини ҳис қилиш жудаям азобли. Лекин қўлимдан ҳеч нарса келмайди. Қонун устуворлигини кўрмаяпман. Мурожаатларим асоссиз бўлиб қолаётгандек, — деганди боланинг отаси.
“Дарё” 2024 йилнинг 13 март куни бўлиб ўтадиган суд жараёнлари ва унинг якуни ҳақида тўхталади.
Изоҳ (0)