Фарғона шаҳрига Хитой Халқ Республикасидан 24 та замонавий автобус олиб келинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, янги автобуслар икки янги йўналишда қатнайди: 5-сонли йўналишда “А.Жомий” маҳалласидан “Чекшўра” маҳалласигача, 6-сонли йўналишда эса “Абдулла Қодирий” маҳалласидан “Истиқлол” стадионигача.
Автобусларни топшириш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва мутасадди раҳбарлар иштирок этди. Янги транспорт воситалари кунига ўртача 10 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатиши айтилди.
Ҳозирда Фарғонада 11 та йўналишда 152 та автобус ҳаракатланмоқда. Йил охиригача автобуслар сонини 104 тага етказиш режалаштирилган.
Апрель ойида вилоят транспорт бошқармаси ва 9 та ташувчи корхона вакиллари Хитойга хизмат сафарида бўлиб, 384 та автобус ва микроавтобус хариди бўйича меморандум имзолаган. Лойиҳа қиймати 19,5 миллион долларни ташкил этади.
Янги автобуслар совитиш ва иситиш тизимлари, GPS ва видеокузатув камералар билан жиҳозланган. Ҳаракат жараёни онлайн мониторинг тизими орқали назорат қилинади.
Бундан аввал Ангренга 15 та Yutong автобуси олиб келинганди. Зоир Мирзаев 2024 йил октябрида ўтказган ҳокимлик соатида Тошкент вилоятида транспорт соҳасидаги хизматларни яхшилаш учун 1000 та янги автобус харид қилиш бўйича топшириқ берганди.
Транспорт вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, ҳудудларда аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида замонавий автобусларни олиб келиш ишлари давом этмоқда. Тошкент шаҳрига яна 1000 та Yutong автобусини олиб келиш имкониятлари ўрганилмоқда. Андижон вилоятига Хитойдан 100 та электробус харид қилиниши режалаштирилган.
Изоҳ (0)