Наманганга Хитойнинг Yutong компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 36 та замонавий автобус олиб келинди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Автобусларни фойдаланишга топшириш маросимида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов, транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров, Yutong компанияси мутасаддилари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Автобуслар Намангандаги хусусий корхона томонидан қозоғистонлик ва хитойлик инвесторлар кўмагида келтирилди. Инвестициялар миқдори 10 миллион долларни ташкил этади.
25 ўриндиқли автобус совитиш ва иситиш воситалари, GPS тизими, электрон тўловни амалга ошириш қурилмаси ва видеокузатув камералари билан жиҳозланган. Ногиронлиги бўлган йўловчилар учун пандус ва алоҳида жой ажратилган.
Янги автобуслар Наманган шаҳри, Давлатобод ва Янги Наманган туманлари бўйлаб ҳаракатланиши белгиланди. Бундан аввал ушбу ҳудудларда жамоат транспорти учун махсус йўлаклар ҳам ташкил этилди.
Наманганга келтирилган янги автобусларнинг илк йўловчилари вилоят сектор раҳбарлари, нуронийлар ва ОАВ вакиллари бўлди.
Вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Баҳодир Бекхўжаевнинг маълум қилишича, ҳозирда Наманганга тадбиркорлар томонидан яна 70 та шундай автобус олиб келиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)