Тошкентнинг Миробод туманидаги қурилиш маҳсулотлари сақланаётган омборхонада ёнғин чиқди.

ФВВ матбуот хизматига кўра, 28 апрель куни соат 07:00 да “Абдурауф Фитрат” МФЙ, Г.Алиев кўчасида жойлашган қурилиш маҳсулотлари сақланаётган омборхонада ёнғин содир бўлгани тўғрисида ФВБга хабар қилинган.
Шунга кўра ёнғин-қутқарув экипажлари соат 07:02 да ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғин соат 08:33 да ўчирилган. Ёнғинни бартараф этишга 12 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган.
Ёнғин оқибатида омборхонанинг тахминан 500 квадрат метр майдонда ички ва том қисми ёниб зарарланган. Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.
2025 йил 26 апрель куни Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган гилам дўконида ёнғин содир бўлганди. 17 апрелда Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида уч қаватли савдо дўконида ёнғин чиққанди. 24 март куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманида учта уй ёниб кетди.
Изоҳ (0)