Сирдарё вилояти Оқолтин туманида бир неча бор ўғрилик жиноятини содир этган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.
Маълум қилинишича, Сирдарё туманида яшовчи фуқаро таниши, Тошкент вилоятида яшовчи жиноий шериги билан тил бириктирган. Улар 27 февраль куни Оқолтин туманида жойлашган компьютер қисмлари савдоси билан шуғулланувчи дўконга яширинча кириб, 51 млн 160 минг сўмлик товарларни ўғирлаб кетган.
Мазкур буюмларни арзон нарх эвазига сотиб юборган. Шундан кейин ҳам улар яна жиноят қилишга уринган.
Улар 13 март куни ўзларига тегишли бўлган автомашинада Оқолтин туманидаги компьютер қисмлари дўконига яширинча кириб, 43 млн 90 минг сўмлик товарларни ўғирлаб, ўз танишларига сотиб юборган.
Ариза орқали терговга қадар текширув ҳаракатлари жараёнида мазкур жиноятни содир этган шахслар қўлга олиниб, буюмлар расмийлаштириб олинган. Ҳозирда терговга қадар текширув давом этмоқда.
Бундан аввал Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида бозордан қайтаётган аёлнинг тилла занжирини ўғирлаб кетган 20 ёшли йигит ушланган эди.
Изоҳ (0)