Россиянинг Либерал демократик партияси (ЛДПР) етакчиси Леонид Слуцкий Россия Бош прокуратурасига Москва ўзбек миллий-маданий мухторияти кенгашининг собиқ раҳбари Баҳром Исмоиловнинг Россиядаги фаолияти қонунийлигини текширишни сўраб сўров юборишини маълум қилди.

Слуцкийнинг сўзларига кўра, Исмоилов ўзбекистонлик блогер Кирил Алтманга берган интервьюсида “ўзбеклар Россияни эгаллашни исташини” айтган.
Депутатнинг қўшимча қилишича, Исмоилов миллати ўзбек бўлган Россия Федерацияси фуқароси. Шу сабабли унинг фаолиятини Россия қонунлари бўйича текшириш зарур.
“ЛДПР бу “миграция хизматлари кўрсатиш бўйича етакчи”нинг асл юзини очади”, деди Слуцкий.
“Исмоилов бизнинг фуқароликни олди, лекин у юрагини бошқа давлатга ташлаб келганга ўхшайди. Халқимиз ва Бош прокуратура бу ўзбек хаёлпарастига ўз йўлини топишга ёрдам беради. Суриштирувлар тайёрлаяпмиз. Биз ҳамма нарсани текширамиз — Россияга қандай келгани, ўзини қандай қонунийлаштиргани, бизнесини қандай қилиб олиб боргани, шунингдек, диаспорадаги фаолиятигача”, деди у.

Баҳром Исмоилов аввалроқ Ўзбекистон ва Россия бир-бири билан яқин ўртоқ муносабатда бўлиши кераклиги, чунки Россияда 3 миллиондан ошиқ Ўзбекистон фуқаролари ишлаётганини айтган. Бундан ташқари, “бизнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимиз энг кўп экспорт қилинадиган давлат ҳам, бизга керак кўп маҳсулотлар импорт қилинадиган давлат ҳам айнан Россия” деган у.
Бундан ташқари, Баҳром Исмоилов ўзбекларни шарманда қилмаслик, юзини ерга қаратмаслик учун ҳатто Россия томондан Украинадаги урушга боришга ҳам розилигини баён қилган.
“Агарда шунақа вазият бўлиб қолса, мен Баҳром Исмоилов, Россия фуқароси бўлиб, ўзбек бўлиб, Россия халқининг ёнида туриш учун, ўзбекларни шарманда қилмаслик учун бораман!”, деган Исмоилов.
Баҳром Исмоилов ўзбек мигрантларини ҳам Россия армиясига қўшилишга чақирганди.
Умуман олганда, Баҳром Исмоиловнинг Кирил Алтманга берган интервьюси кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Жумладан, Korzinka тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов бу интервьюга муносабат билдира туриб, бундай шахсларга ўз платформасини минбар сифатида бериш туб эканини Кирил Алтманга айтиб ўтган.

Ҳошимовнинг таъкидлашича, ўз вақтида Баҳром Исмоиловни “ўз ватандошлари қонини сотиш билан шуғулланувчи” деб атагани учун у Зафар Ҳошимовни “ўз шаъни ва обрўси”ни ҳимоя қилиш мақсадида судга берганини эслаб ўтган.
“Аммо суд ҳимоя қилинадиган шаън ва обрўни тополмаган шекилли, Исмоилов судда ютқазганди”, деб ёзди Зафар Ҳошимов.
Изоҳ (0)