Россия Украинага қарши бошлаган «махсус ҳарбий операцияси» ортидан сиёсий, иқтисодий муаммолар ичида қолди. Дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари томонидан қўлланилган санкциялар, ҳаво осмонининг ёпиб қўйилиши, хорижий катта компаниялар ҳамкорлигини тўхтатиб, мамлакат ҳудудидаги филиалларини ёпиши ва Россияни дунё ҳамжамиятидан яккалашга бўлган ҳаракатлар нафақат рус халқи, балки у ердан қўним топган миллионлаб муҳожирлар учун ҳам катта зарба бўлди.
Ишлаб чиқариш корхоналари, заводлар ёпилиши, аксарияти вақтинча фаолиятини тўхтатиши ортидан ўзбекистонлик айрим муҳожирлар ишсиз қолди. Рубльнинг қадрсизланиши ҳисобига ишлаётганларининг ҳам даромади тушиб кетди.
Март ойининг ўрталарида «Дарё» мухбири билан бўлиб ўтган суҳбатда юзлаб муҳожирларнинг аксарияти ишсиз қолгани учун Ўзбекистонга қайтиш ниятидалигини билдирганди. Уларнинг айримлари билан суҳбат «Дарё»да чоп этилган.
Маълумотларга қараганда, Россия ҳудудида бир миллиондан зиёд ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бор. Уруш туфайли ишсиз қолган мигрантларнинг ҳаёти нима бўлади? Давлат уларнинг оммавий тарзда ватанга қайтишига тайёрми? Ўзбекистон ички меҳнат бозорида уларга етарлича иш ўринлари ярата оладими? Ҳукуматнинг бу борадаги режалари қандай?
Мазкур саволларга жавоб олиш мақсадида «Дарё» Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимлари билан суҳбатлашди.
— Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг асосий фаолияти ва вазифалари нималардан иборат?
Ортиқхўжа Норов, ташқи миграция агентлиги матбуот котиби: Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг энг асосий фаолияти — Ўзбекистон фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда хорижга ишга жалб қилишдан иборат. Хусусан, фуқароларни танлаш, касбга, тилга ўқитиш, хориждаги иш берувчиларни излаб топиш ва улар билан келишув шартномаларини имзолаш билан шуғулланади.
Шунингдек, меҳнат муҳожирларини хориждаги иш жойларида ҳам уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қийин аҳволда қолган, соғлиғи ёмонлашган фуқароларга моддий ёрдам бериш, вақтинчалик хостелларга жойлаштириш, вафот этган фуқароларнинг жасадларини ватанга олиб келиш ҳамда Ўзбекистонга қайтган юртдошларимизни маҳаллий меҳнат бозорига мослаштириш вазифаларини ўз зиммасига олади.
— Агентлик фаолиятини бошлагач, бугунгача неча нафар Ўзбекистон фуқаросини хорижга ишга жўнатишда амалий кўмак берган?
Ортиқхўжа Норов: Икки турдаги меҳнат муҳожирлари бор. Бири агентлик томонидан ташкиллаштирилган ҳолда хорижга ишга юборилади. Бунда барча фуқаролар шартнома орқали, иш ва яшаш жойи, қанча маош олиши, меҳнат шароити аниқ бўлади. Биз буни расмий тилда ташкиллаштирилган ҳолда ишга жойлаштирилган фуқаролар деймиз. Иккинчиси эса ўзи мустақил ёки қариндош-уруғ, танишлар орқали иш топиб, хорижга кетганлар. Агар улар чегара қонун-қоидаларини, ўша давлатнинг миграция қоидаларини бузмаса, ноқонуний бўлмайди. Фақатгина ташкиллаштирилмаган ишга жойлаштириш бўлади.
Биздаги маълумотлар бўйича 2020 йилда пандемия туфайли 10 мингдан ортиқ фуқарони ташкиллаштирилган манзилли, қонуний равишда ишга жойлаштирган бўлсак, 2021 йилда 109 мингдан кўпроқ, 2022 йилнинг январь—февраль ойларида эса икки мингдан ортиқ фуқарони ишга жўнатишга муваффақ бўлдик.
— Агентлик нечта давлат билан ҳамкорлик қилади?
Бобур Валиев, Салоҳиятли иш берувчиларни излаш бошқармаси бош мутахассиси: Ҳозирги кунда ташқи меҳнат миграция агентлиги Жанубий Корея ва Россиянинг ўзи билан чекланиб қолмаган.
Европанинг ривожланган давлатлари, жумладан, Германия, Швейцария, Финляндия, Голландия, Литва, Латвия сингари давлатлар билан 30 дан ортиқ шартномамиз бор. Шунингдек, араб мамлакатлари Кувайт, Уммон билан ҳам ҳамкорлик шартномаларига эгамиз.
— Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг аксари асосан Россияда ишлашни афзал билиши сир эмас. 2021—2022 йиллар оралиғида агентлик қанча фуқарони Россияга кетишига бош-қош бўлди?
Ортиқхўжа Норов: Чиндан ҳам биз юбораётган фуқароларнинг 50 фоиздан кўпи айнан Россия давлатига юборилади. Рақамлар мисолида айтадиган бўлсак, 2020 йилда 7 800 нафар, 2021 йилда 100 минг нафар атрофида, 2022 йилнинг январь—февраль ойларида эса 1 800 атрофида фуқаро ишга юборилган.
Россия боришга виза талаб қилинмайди, ишлаш учун патент керак, холос. 2021 йилдан Пилот лойиҳасини йўлга қўйганмиз. Ҳужжатни олиш учун тиббий кўрикдан ўтиш, рус тили ва тарихи, қонунчилиги ва ҳоказолар бўйича имтиҳонлар топширилади. Мана шу жараёнларга Россиянинг ўзида 20 кундан бир ойгача вақт кетади. Ушбу жараён ҳозирда Ўзбекистоннинг ўзида қилиняпти. Россия ички ишлар вазирлиги линияси бўйича бармоқ изларини оладиган ускуналар ва бошқа ускуналар олиб келтирилган. Россия соғлиқни сақлаш линияси бўйича тиббий кўрикдан ўтказишнинг барча жараёнлари Тошкентда ўтказилади. Лекин патентни қўлига Россияга борганда 5-7 кунда олади. Мана шу қулайликларни ҳисобига Россияга кетганлар кўпроқ.
— 2022 йил 24 февралда бошланган Россия ва Украина ўртасидаги можаро ҳалигача юмшамади. Россияга киритилаётган турли санкция, чекловлар истаймизми-йўқми бизнинг ҳам ватандошлар тақдирига таъсир қилмоқда. Буни «Дарё»га йўлланган юздан ортиқ мурожаатлар ҳам тасдиқлайди. Ҳозирги шароитда агентлик ўз фаолиятини аввалгидек давом эттиряптими ёки қандайдир ўзгаришлар бўлмоқдами?
Отабек Абдулғозиев, Салоҳиятли иш берувчиларни ишлаш ва хусуисй бандлик агентликлари билан ўзаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари: Кескин вазият февраль ойида бизга таъсир кўрсатмади. Келишилган лойиҳалар бўйича ишчилар жўнатилади.
Бироқ айни пайтда айрим корхоналар аввалгига нисбатан ишчиларга талабини камайтирган. Бу табиий ҳол. Сусайиш бор, аммо бу ишлар бутунлай тўхтатилди дегани эмас.
Ўтган йили Пилот лойиҳаси доирасида 10 минг нафар одамни қурилиш соҳасига юбориш режаси бўйича ишлаган бўлсак, ҳозир қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш йўналиши бўйича мавсумий ва йиллик ишларга таклифлар келиб тушмоқда. Агар қурилишда таклиф камаяётган бўлса, ишлаб чиқаришда ишлар сони кўпаймоқда.
Умумий тенденцияни оладиган бўлсак, маоши қурилишга нисбатан камроқ мавсумий иш бўлса ҳам юбориляпти.
Агросаноат корхонларидан талабномаларни оляпмиз. 1 148 та бўш иш ўринлари бўйича 13 ташкилот ўз истагини билдирган. Бугунги кунда улар билан келишув имзолаш арафасидамиз.
— Боя айтганимдек, «Дарё» нашрида шу йилнинг 18 мартида Россияда ишлаётган ва даромади, турмуш тарзи, меҳнат фаолиятида ўзгаришлар кузатилаётган, ўнга яқин ўзбекистонликлар билан қилинган суҳбат («Вазият ўзгармаса, бу ерларда юришдан фойда йўқ». Россияда ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирлар билан суҳбат) эълон қилинди. Уларнинг аксари юртга қайтиш ниятидалигини билдирди. Аммо турли сабаблар (авиачипта нархи кескин ошиши, рубль қадрсизланиши, даромаддаги кескин пасайиш ва ҳоказолар) улар олдига турли тўсиқларни қўймоқда. Агентликка бу борада қанча мигрант боғланди ва бу масалада қандай ёрдам беряпсизлар?
Баҳром Абдувалиев, хориждан қайтганларни меҳнат ва касбга реинтеграция қилиш бошқармаси бошлиғи: Агентлик томонидан хориждаги меҳнат мигрантларимиз ўртасида кенг қамровли сўровнома ўтказяпмиз. Ҳозир ҳам ушбу сўровнома амалда.
Ҳозирда 14 мингга яқин фуқаро овоз берган. Уларнинг 15 фоизи Ўзбекистонга қайтишга қарор қабул қилган. 26 фоизи ўйлаяпти, яъни жараён агар кескинлашса қайтмоқчи. 24 фоизи қайтиш истагини билдирмаган. Агар иш жойини йўқоца ёки бошқа сабаблар туғилса қайтишни ўйлаб кўришини билдирган. 35 фоиз мигрантнинг фаолиятига эса вазият умуман таъсир қилмаган. Контракти тугагунича ишини давом эттиришини маълум қилган.
Ўзбекистонга қайтиш тенденциясининг статистикасига кўра, меҳнат муҳожирларининг Ўзбекистонга оммавий қайтяпти деган фикр нотўғри. Бизнинг қўлимиздаги маълумотларга кўра, 2022 йилнинг ўтган икки ойи давомида келган 95 минг нафар меҳнат мигрантининг 75 минг нафари Россиядан қайтган фуқароларга тўғри келади. 20 мартгача яна 30 минг нафардан ортиқроқ юртдошимиз ватанга қайтган.
Бу статистикани ўтган йилги кўрсаткичлар билан таққосласак, жудаям катта резонанс эмас. Солиштириш учун айтиб ўтаман: 2021 йилда 508 минг нафар меҳнат мигранти Ўзбекистонга қайтиб келган.
— Россияда туриб, сизларга ёрдам сўраб ёзган юртдошларимиз ҳам бўлдими?
Ортиқхўжа Норов: Мурожаатлар доим бўлади. Айниқса, пандемия даврида улар ошган. Мурожаатларни ёзиш осон бўлиши учун «birgamiz.com» платформасини ишга туширганмиз.
Отабек Абдулғозиев: 24 февралдан 15 мартга қадар иш масаласида 1972 нафар фуқародан мурожаат тушган. Буларнинг ичида биз ташкиллаштирилган тарзда хорижга юборган ва ўзи мустақил иш топиб, чиқиб кетган фуқаролар ҳам бор. Уларнинг бир қисми ватанга қайтиш ниятида, яна бир қисми четга чиқиб кетишини билдирган, қолгани шу ерда ишлаши учун иш топиб беришимизни сўраган.
— Иш сўраб мурожаат қилган фуқаролардан қанчасининг талаби қондирилди?
Отабек Абдулғозиев: Бу борада Россиядаги ваколатхонамиз ҳамда еттита бош консулхона ходимлари билан ҳамкорликда жойларда иш берувчилар билан гаплашиб, бўш иш ўринларини таклиф қиляпмиз. Ҳозирги кунгача 1972 нафар мурожаатчидан 550 тасига иш ўринлари таклиф қилинди.
Бобур Валиев: Қолаверса, Европанинг кўп ташкилотлари билан шартномамиз бор. Ҳозирги кунда Сербия қишлоқ хўжалиги соҳасида 1000 га яқин бўш иш ўринлари берилган. Биз ҳозирги кунда Россияда вазият туфайли ишини йўқотган фуқароларни Сербияга ишга жўнатиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқяпмиз. Айни пайтда музокаралар ўтказяпмиз.
Бундан ташқари Словакиянинг яна бир ташкилоти 1200 та бўш иш ўрни мавжудлигини маълум қилган. Биз ҳозир Россияда ишини йўқотган меҳнат мигрантларимизни у ерга юбориш борасида иш олиб боряпмиз.
— Ватанга қайтиш истагини билдирган ёки пулсиз қолиб ёрдам сўраган фуқароларга қанча миқдорда моддий ёрдам кўрсатилади?
Отабек Абдулғозиев: Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси бор. 2018 йилда президентнинг тегишли қарори билан давлат томонидан жамғармага 200 миллиард сўм ажратилган.
Мазкур фондга хорижга биз томонимиздан ишга юборилганлар ҳам, ўзи мустақил кетганлар ҳам, хуллас, хорижда ҚОНУНИЙ меҳнат фаолиятини олиб бораётган барча Ўзбекистон фуқаролари мурожаат қилиши, ёрдам олиши мумкин.
Шарти — фуқаролар электрон тарзда мурожаат ва хорижда қонуний ишлаётганини тасдиқловчи ҳужжатларини (Россиядагилар патент, бошқа давлатлар эса меҳнат визаси ёки иш рухсатномаси) платформага юклайди. Чунки мазкур ҳужжат бизга меҳнат мигрантлари билан бошқа тоифадаги фуқароларни, жумладан, даволанишга, айланишга ёки ўзининг шахсий юмуши билан хориж давлатига борган фуқароларни ажратиб олиш имконини беради.
Меҳнат муҳожири агар озиқ-овқат масаласида ёрдам сўраган бўлса, бу йўналишда бир марталик (базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баробари) 50 доллар атрофида моддий ёрдам кўрсатилади.
Агар яшаш жойисиз қолган бўлса, хостел билан шартнома тузилиб, пул ўтказилади. Мурожаатчи ўша хостелда бир ой давомида яшаб туриши мумкин.
2021 йилда 7534 нафар фуқарога моддий ёрдам берилган бўлса, 2022 йилнинг январь—февраль ойларида 260 нафар фуқаро ёрдам олган.
2021- йил давомида 358 нафар фуқаро, 2022 йилнинг 2 ойида 39 нафар фуқаро хостелларга жойлаштирилган.
Бундан ташқари, бизда иш ҳақини ундириб беришда ва қолган масалаларда ҳам ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади. Масалан, 2021 йилда 984 минг АҚШ доллари миқдорида иш ҳақлари ундириб берилган.
Жорий йилнинг икки ойида эса бу кўрсаткич 42 минг доллардан ошди. Қолаверса, вафот этган Ўзбекистон фуқароларининг ватанга қайтаришда ҳам ёрдам берилади.
— Уч йилдан буён муҳожирлар билан интервью қилаётган бўлсам, аксари элчихона ва Ўзбекистоннинг Россиядаги тегишли идораларининг фаолиятидан қониқмайди.
Яқинда бир муҳожир аёл билан гаплашганимда у мутасадди ташкилотларнинг муаммоли вазиятларда фуқароларга ёрдам бериш тугул, ҳатто вафот этган мигрантларни ватанга қайтаришда ҳам ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаслиги ҳақида айтди. Ўтган йиллар давомида агентлик қанча меҳнат муҳожирининг жасадини Ўзбекистонга олиб келишда ёрдам берди?
Ортиқхўжа Норов: Вафот этган фуқароларимизни ватанга қайтаришда биз чўнтагимиздан ёрдам бермаймиз. Чўзишдан ёки пайсалга солишдан бизга фойда йўқ. Меҳнат мигранти бўлса қайси давлатда бўлишидан қатъи назар биз уни фонд маблағлари ҳисобидан Ўзбекистонга қайтарамиз.
Рақамлар мисолида айтадиган бўлсак, ўтган 2021 йилда дунё бўйлаб масалан, Қозоғистон, Корея, Туркия, Швеция, Украина ва Россия каби давлатлардан 500 дан ортиқ фуқаро жасади ватанга қайтарилган. 2022 йилнинг икки ойида бу кўрсаткич 100 дан ошган. Лекин очиғини айтиш керак, Россияда меҳнат муҳожирлари кўплиги ҳисобига асосий статистика шу мамлакатга тўғри келади.
Отабек Абдулғозиев: Вафот этганларнинг баъзилари иш фаолиятидан ташқари вақтда сурункали касалликлар туфайли ёки автоҳалокатда ҳаётдан кўз юмган. Агар меҳнат муҳожири иш жойида вафот этса, уни уйига қайтариш ва компенсация тўлаш тўлиқ иш берувчининг зиммасида бўлади. Бу Россиянинг ҳам, Ўзбекистоннинг ҳам меҳнат кодексида белгилаб қўйилган.
Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасининг пули тугагани йўқ. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ҳозирда тахминан саккизта (лицензиясига қараб сони ўзгариб туради) хусусий бандлик агентлиги бор. Улар ҳам биздек фуқароларни четга ишга жўнатиш билан шуғалланади. Улар иш бошлашидан олдин фуқаролар олдида ўз жавобгарлигини суғурталаш мақсадида мазкур фондга 200 минг доллар қийматида депозит қўяди.
Масалан, хусусий бандлик агентлиги 20 кишини Германияга ишга жўнатди. Аммо хориж корхонаси қайсидир мажбуриятини бажармади. Депозитга қўйилган маблағдан 20 нафар фуқарога давлат ёрдам кўрсатади.
— Юқорида 100 мингдан ортиқ меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга қайтгани ҳақида гапирдингиз. Уларни иш билан таъминлаш масаласи нима бўлади? Бу борада агентлик қандай ишлар олиб бормоқда?
Баҳром Абдувалиев: Февраль ойининг охирида президентимиз бошчиликларида селектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда бу масала алоҳида кун тартибида кўриб чиқилди.
Хусусан, йиғилишда Россиядаги муҳожирларимизнинг сони ва оилавий шароити, Ўзбекистонга қайтиш эҳтимоли, асосийси, уларнинг Ўзбекистонга қайтишларида ҳукумат томонидан тегишли моддий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, қайтганларидан сўнг эса меҳнат ички бозорида иммиграция қилиш масалалари кўрилди. Юқоридаги устувор йўналишлар бўйича тегишли масалалар юклатилди.
Статистикани келтириб ўтадиган бўлсам, Россиядаги мигрантларнинг қарийб 800 минг нафардан ортиқроғининг Ўзбекистондаги оила аъзоларидан уйма-уй юриб хабар олинди. Уларни иш билан банд қилиш, тадбиркорликка йўналтириш ва бошқа масалаларни кўриб чиқдик. Қолаверса, Россияда ишлаб юрган муҳожирларнинг фаолияти, маоши, ҳужжатлари, иш берувчиси билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилди. Мазкур муаммолар бўйича агентлигимизнинг хориждаги ваколатхоналари билан ишлаяпмиз.
Қайтган меҳнат мигратларининг бандлигини таъминлаш борасида бугунги кунда ички меҳнат бозорига интеграция қилиш мақсадида ҳукумат ва давлат органлари томонидан кўрсатиладиган 14 турдаги хизмат турлари бор.
Булар тадбиркорликка йўналтириш бўйича субсидия турида ёки банкдан тадбиркорликни амалга ошириш мақсадида кредит кўринишида ва ёки иш берувчини рағбатлантириш эвазига қайтиб келган мигрантни ишга жойлаштириш кўринишида молиявий ёрдам тизими ишлаб турибди.
Айни пайтда «Ўз келажагимга ўзим инвестор» лойиҳасини амалга оширяпмиз. Лойиҳанинг 4-5 йўналишлари бор. Дастлабки, келган меҳнат мигрантларимиз ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишди.
2022 йилнинг ўтган икки ойи давомида 100 га яқин фуқаро ўз тадбиркорлигини бошлаган. Жорий йилнинг охиригача барча лойиҳалар доирасида 5 мингдан ортиқ меҳнат мигрантининг тадбиркорлигини йўлга қўйишни режалаштирганмиз.
2020 йил сентябрда қабул қилинган президент қарорига кўра, маҳалла, меҳнат органи, сектор, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамкорликда ишлайди. Хориждан қайтган меҳнат мигрантларини манзилли рўйхатлари агентлигимиз орқали туманлардаги меҳнат органларига етказилади. Юқоридаги ташкилотлар эса хонадонма-хонадон юриб, уларнинг оилавий аҳволини ўрганади.
Айтайлик, 100 минг нафар мигрант қайтиб келди. Келганларнинг аксарияти бизнинг ёрдамимизга муҳтожлик сезмайди. Уларнинг ўзлари ўйлаб қўйган режаси, қанчадир муддатдан сўнг яна хорижга қайтиб кетиш нияти бўлади. Иккинчи босқичда буларни саралаймиз.
Учинчи босқичда ёрдам турлари бўйича қайси давлат ташкилотига тааллуқли бўлса, унга йўналтирамиз. Бандлигини таъминлаш, молиявий ёрдам бериш бўйича эса ўзимиз иштирок этамиз.
Шунингдек, ватанга қайтиб келаётган меҳнат мигрантлари бўйича янги қарор лойиҳаси устида ишлаяпмиз. Қарорда амалдаги мавжуд 14 турдаги имтиёз ва имкониятларни яна ҳам кенгайтиряпмиз. Мақсадимиз қайтиши кутилаётган меҳнат мигрантларининг бандлигини таъминлашда шошиб қолмаслик.
Ҳозирги ҳисоб-китобларимиз бўйича вазият барқарор. Агар вазият ёмонлашиб, мигрантлар Ўзбекистонга оммавий қайтадиган бўлса ҳам чора-тадбирларни кўра оламиз.
Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди.
Муҳаррир: Дилшод Шарипов
Изоҳ (0)