Ўзбекистон президентнинг 2022 йил 23 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб синов тариқасида Адлия вазирлиги тизимида, 1 сентябрдан бошлаб эса барча республика ижро этувчи ҳокимият органларида буйруқ, қарор ва фармойишларни “Э-қарор” электрон тизими орқали қабул қилиш ва эълон қилиниши белгиланган.
Айрим вазирликлар умуман ҳужжат жойлаштирмаган
“Дарё” мухбири қарор ижроси қанчалик таъминланаётганлигини ўрганди.
Электрон тизимни кузатар эканмиз, Адлия, Рақамли технологиялар, Транспорт, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари ҳар бир қабул қилинаётган буйруқларни жойлаётганлигига гувоҳ бўламиз.
Бироқ ўрганиш давомида Мудофаа, Қишлоқ хўжалиги, Тоғ-кон саноати ва геология, Фавқулодда вазиятлар, Мактабгача ва мактаб таълими, Ташқи ишлар ҳамда Энергетика вазирликлари томонидан шу кунга қадар қарор ижросига беписандлик билан қараб келаётгани аниқланди. Ушбу вазирликлар томонидан орадан бир йил-у икки ой муддат ўтган бўлса-да, умуман ҳужжат эълон қилинмаган.
Бундан ташқари, Маданият, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Олий таълим, фан ва инновациялар, Иқтисодиёт ва молия, Сув хўжалиги, Ички ишлар, Спорт вазирликлари қарор ижросини номига бажараётганини кўриш мумкин. Ушбу вазирликлар йил давомида қабул қилинган бир нечта ҳужжатларнигина очиқлаган холос.
Вазирликлар нега қарор ижросини та`минламаган?
Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида олиб борилган ўрганишлар давомида Адлия вазирлиги қарорнинг 8-банди ижросини ўз вақтида таъминламаётган бўлиши мумкин деган фикрга келдик.
Боиси ушбу банднинг иккинчи қисмида Адлия вазирлигига манфаатдор идоралар билан биргаликда 2023 йил 1 июнга қадар синов натижалари бўйича “Э-қарор” электрон тизими орқали қабул қилиш ва эълон қилишни жорий этишни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини киритиш вазифаси топширилган.
Бироқ Адлия вазирлиги томонидан шу кунга қадар ҳукумат қарори лойиҳаси киритилмаган бўлиши мумкин. Боиси қарор лойиҳаси ёки шунга яқин ҳужжатларни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталидан ҳам, қонунчилик маълумотлари миллий базаси ҳисобланган “lex.uz” порталидан ҳам топишнинг иложи бўлмади.
Хўш, президент ҳужжатлари ижросини назорат қилиши лозим бўлган Адлия вазирлиги нега давлат раҳбарининг 2022 йил 22 декабрдаги қарори ижросини пайсалга солиб келмоқда?
Ҳукумат қарори лойиҳаси келишиш жараёнида
Юқоридаги саволларга жавоб олиш мақсадида Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳидахон Юлдашева билан боғландик.
У ҳужжат лойиҳалари тайёрланиб, келишиш учун тегишли ташкилотларга киритилгани, ҳозирда ушбу ташкилотлардан жараён қайси босқичда эканлиги суриштирилаётганини билдирди.
“Дарё” ушбу ҳолат юзасидан Адлия вазирлигидан муносабат кутиб қолади.
Изоҳ (0)