Венгрия собиқ адлия вазири Юдит Варга Венгрия президентининг истеъфосидан сўнг сиёсатдан кетишини эълон қилди.
Президент меҳрибонлик уйида жинсий зўравонликка алоқадор бўлган шахсни афв этиш бўйича қарорни имзолагани учун сиёсий жавобгарликни у ўз зиммасига олгани ҳақида Facebook саҳифасида ёзиб қолдирди.
Варга депутатлик мандатидан воз кечишини ва Европа парламентига сайловларда Венгрия “Фидес” партияси рўйхатини бошқармаслигини айтган. У президент қарорини имзолагани учун сиёсий жавобгарликни ўз зиммасига олиши ҳамда сиёсий ҳаётни тарк этишини қўшимча қилган.
10 февраль куни Венгрия президенти Каталин Новак жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлган қароридан сўнг истеъфога чиқишини эълон қилганди. Reutersъга кўра, Венгрия президенти 2023 йилнинг апрелида, Рим папаси Франсиск ташрифи арафасида йигирмага яқин кишини озод қилишга қарор қилган. Улар орасида меҳрибонлик уйи директорининг ўринбосари ҳам бўлиб, у ташкилот раҳбарига вояга етмаган тарбияланувчиларга нисбатан жинсий тусдаги жиноятларини яширишга ёрдам берган.
Юдит Варга 2019 йилдан буён адлия вазири лавозимида фаолият юритган, 2023 йилнинг ёзида истеъфога чиққан.
Изоҳ (0)