Мамлакатда 2023 йил октябрда 2,3 миллион оила болалар пули олган бўлса, жорий йилда улар сони 1,36 миллион қолган. 2025 йилда ҳам бундай нафақа олувчилар ва уларга қилинадиган харажатлар қисқаришда давом этади. Бу Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган келаси йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрларида кўрсатилган.
2025 йилда Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя харажатлари 17,3 триллион сўмни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Таққослаш учун, жорий йил учун бу миқдор 16,95 триллион сўм бўлиши кутиляпти. 2023 йилда эса мазкур йўналишга бюджетдан 19,2 триллион сўм ажратилган.
Келаси йилда республикада ижтимоий нафақа олувчилар сони 2 миллион 752 минг нафар қолиши прогноз қилинган. Жорий йилги кутилма 2 миллион 940 минг киши. Яъни нафақа олувчилар сони 188 минг нафарга камайиши кутилмоқда. Бунда асосий қисқаришлар нафақа олувчи болали ва кам таъминланган оилалар (болалар нафақаси) сони ҳамда уларга ажратиладиган маблағлар миқдори билан боғлиқ бўлади.
Вазирлик ҳисоб-китобига кўра, 2024 йилда болали ва кам таъминланган 1 миллион 359 мингта оилага жами 8,1 триллион сўм нафақа тўланади. Келаси йилда эса бундай оилалар сони 1 миллион 247 мингта қолиши ва уларга 7,4 триллион сўм тўланиши прогноз қилинмоқда.
2025 йилда зарур иш стажига эга бўлмаган шахслар ва ногиронлиги борлар сони 539 минг 443 нафардан 568 минг 696 нафарга ошиши кутилмоқда. Уларга жорий йилда 5 триллион сўм, келаси йили 5,7 триллион сўм тўланиши ҳисобланган.
Шу билан бирга, 2024 йилда 152 минг 385 нафар болаликдан ногиронлик нафақаси оладиган шахсларга 1,64 триллион сўм тўланса, келаси йилда шу тоифадаги 192 минг 767 кишига 1,98 триллион сўм ажратилиши кўрсатилган.
Болалар нафақаси олувчилар камаймоқда
Статистик рақамларга қараганда, 2023 йилда Ўзбекистондаги 2,2 миллион оилага жами 12,3 триллион сўм болалар нафақаси ва моддий ёрдам пуллари тўлаб берилган. Оилаларнинг 2,13 миллионтаси болалар нафақаси, қолган 76 мингтаси моддий ёрдам олган. Умумий ҳисобда республиканинг барча ҳудудларида яшовчи оилаларнинг 22,7 фоизига болалар нафақаси ва моддий ёрдам маблағлари берилган. Ўтган бир йил давомида бундай нафақа олувчи оилалар сони қарийб бир миллионтага қисқартирилган.
Болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи оилалар сонининг кескин қисқариши 2024 йил январдан бошланган. Хусусан, шу йилнинг дастлабки ойида 1,94 миллион, февралда 1,72 миллион, март ойида 1,53 миллион, апрелда 1,34 миллион оилага нафақалар тўланган.
Изоҳ (2)
Xullas yashash qiyinlashtirib qoyib nima erishilmoqchi bilmadim
Тугри бола пули озвучилар сони кискаряпти. Лекин кай тарзда?
Масалан мени икки ойлигимни бир ойда беришганди автоматик чикиб кетдим. Келаси ой жса пулсиз колгандим. Бир неча ойлардан сунг яна ариза бериб ола бошладик. Утган ой махалла раиси ва мас'ул ходим уйимга келиб уйим ота уйидан аллохида булса хам отамни машинаси борлиги (машина мени уйимда эмас, ва мен умуман машина минмайман) туфайли бола пулидан чикаришга уринишди.
Хуллас, мени тушинишимча ахолини турмуш тарзини яхшилаш эвазига эмас, балки бола пули олувчиларга куйилаятган талабларни кискартириш ва бошка оммиллар эвазига курсаткични тушуришяпти.