Ироқнинг Кут шаҳридаги савдо марказида юз берган йирик ёнғин оқибатида 50 га яқин киши ҳалок бўлди. Мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилинди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Беш қаватли савдо марказини бир кечада олов қамраб олган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан ўт ўчирувчилар ёнғинни бартараф этишга уринаётганини кўриш мумкин. Ёнғин юз берган объект атиги 5 кун олдин очилгани маълум бўлган. Мухбирлар касалхонада куйиб кетган жасадларни кўрганини айтмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин биринчи қаватдан бошланган. Ҳодисага нима сабаб бўлгани номаълум. Текширув натижалари 48 соат ичида эълон қилиниши кутилмоқда.
Ёнғин оқибатида 50 га яқин одам, жумладан, эркаклар, аёллар ва болалар ҳалок бўлди. Маҳаллий ҳокимият савдо маркази эгасига, шунингдек, барча алоқадорларга қарши даъво қўзғатишни бошлади. Ваколатли органлар ёнғин сабабларини ўрганишни давом эттирмоқда, дастлабки натижалар 48 соат ичида тўлиқ шаффофлик билан жамоатчиликка эълон қилинади, деди Восит провинцияси губернатори Муҳаммад Жамил ал Майя.
Таъкидланишича, бино ва савдо маркази эгаси устидан судга даъво аризаси киритилган. Ўт ўчирувчилар бедарак йўқолганларни қидиришда давом этмоқда. Ёши 50 ларда бўлган шифокор Носир ал-Қурайший ёнғин оқибатида оиласининг беш аъзоси ҳалок бўлганини айтган.
Бошимизга фалокат тушди. Кечки овқатни ташқарида тановул қилиш ва уйимиздаги электр узилишларидан қутулиш мақсадида савдо марказига бордик. Бироқ иккинчи қаватда кондиционер портлади, сўнг ёнғин чиқди. Афсуски, биз ундан қочиб қутула олмадик, деган у AFP агентлигига берган интервьюсида.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари томонидан Кут марказидаги дўкон Corniche Hypermarket Mall деб номланган.
Изоҳ (0)