30 декабрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Николай II оиласига яқин бўлган Распутиннинг ўлдирилиши, Ироқ президенти Саддам Ҳусайннинг қатли ҳамда Чикагода юзлаб инсон умрига зомин бўлган театр ёнғинига оид фактлар ўрин олган.
Шоҳ оиласига энг яқин инсонлардан бири — Распутиннинг ўлдирилиши
1916 йил 30 декабрь куни Петроградда княз Юсуповлар саройида Григорий Распутин ўлдирилган эди. ХХ асрнинг энг машҳур қотиллигини тергов қилишга юқори сиёсий қатлам, кейинроқ инқилобий тартибсизлик халақит берганди.Россия тарихида сибирлик кекса монах ва сўнгги императорлар сулоласининг суюкли кишиси каби жуда озчилик танилган. Унинг шахсиятига боғлиқ кўплаб миш-мишлар уйдирма ҳисобланади. Ўқимаган, шубҳали хулқ-атворга эга одам 1905 йилдан бери шоҳлар оиласи билан бирга эди, аммо «тахт атрофидаги қора кучлар» ҳақидаги ваҳималар Биринчи жаҳон уруши бошланиши билан авж олган.
Келиб чиқиши деҳқон бўлган Распутин ҳар қандай урушга эркак киши учун керак бўлмаган ва зарарли иш сифатида қараган. Унинг император рафиқасига кучли таъсир кўрсата олиши «Антанта» тарафдорларига ғалабага эришишида катта қаршилик кўрсатган. «Худо хоҳласа, уруш бўлмайди ва мен бунга кўмаклашаман», — деганди Распутин 1914 йил баҳорида италиялик журналистга.
Распутин Юсуповлар саройида қандай пайдо бўлиб қолганди? Қотиллик иштирокчилари Феликс Юсупов ва Давлат думаси депутати Владимир Пуришкевичнинг сўзларига кўра, Юсупов тунги 01:00 ларда Распутинни олиб, монах анчадан бери танишишни истаб юрган рафиқаси Иринанинг ёнига олиб келган. Аслида бу пайт Ирина Юсуповларнинг Қримдаги қароргоҳида эди.
Феликс аввалига Распутинни ертўладаги готик усулда жиҳозланган хонага таклиф этган ва у ерда заҳарланган пирожнилар билан меҳмон қилган. Аммо заҳар Распутинга таъсир қилмаган ва у Ирина билан қачон учрашишини сўраган. Бу вақтда юқори қаватдаги иштирокчилар гўёки базм уюштиргандек ўзларини тутган.
1916 йиллар охири Петроградда фитналар авж олганди. Тарихчиларнинг маълумотларига кўра, аристрократлар, ҳарбийлар ва Дума вакиллари орасида камида учта бир-биридан мустақил фитначилар Николай II ни тахтдан ағдариб, унинг ўрнига 12 ёшли ўғли Алексейни ўтқазишни режалаштирган. Шу билан бирга, Александра Федоровна ва Протопоповнинг Думани тарқатиб юбориш, фавқулодда ҳолат эълон қилиш режаси ҳақида миш-мишлар тарқалган. Гап ким биринчи зарба беришида қолганди.
Юсупов ва Пуришкевичнинг мазкур воқеа бўйича кейинги тафсилотлари қўрқинчли фильмларни ёдга солади. Распутин ошқозонида оғриқни ҳис қилиб, барчасини тушуниб етган. Юсупов унга ўқ узишга мажбур бўлган. Қотил ишонч ҳосил қилиш учун бир неча бор уни туртиб кўрган ва шу пайт Распутин ўрнидан турган.
Юсупов қўрқувдан қочишга тушган, Распутин эса ҳеч қандай тўсиқсиз ташқарига чиққан, ҳовлини кесиб ўтиб, дарвозага етай деганида ортидан етиб келган Пуришкевич унга яна тўртта ўқ узган.
Ўқ овозига югуриб келган шаҳар соқчиси Власюк ҳовлида Пуришкевични кўрмаган, бироқ Юсупов ва унинг эшикоғаси Бужинскийга дуч келган — улар ҳеч қандай ўқ овозини эшитмаганини, балки қаердадир автомобиль покришкаси ёрилган бўлиши мумкинлигини айтган.
Қотилликнинг барча иштирокчилари учун тақдир ва баъзи ҳолларда янги ҳукумат жуда юмшоқ бўлиб чиққан. Феликс Юсупов Парижда 80 ёшига қадар яшаган. Ҳозирги курс бўйича 16,5 миллиард долларга тенг маблағидан айрилган бўлса-да, у миграцияда қийналмаган. «Распутиннинг ўлми» номли китоб ёзган.
Распутиннинг қотиллигида иштироки княз Дмитрий Павловичнинг ҳаётини сақлаб қолган. Агарда у Петроградда қолганида отаси ва аксарият Романовлар каби болшевиклар томонидан ўлдирилиши мумкин эди. У Кавказ фронтидан Эрон орқали Месопотамияга борган ва кўнгилли сифатида Британия армиясига қўшилган. Натижада АҚШ ва Швейцарияда яшаган, бадавлат америкалик аёлга уйланиб, 1942 йилда вафот этган.
Владимир Пуришкевич Петроградда ҳибсга олинган, бироқ 1918 йил апрелда шахсан Дзержинскийнинг буйруғи билан озод этилган.
Саддам Ҳусайннинг қатл этилиши
Бундан 16 йил олдин 30 декабрь куни Ироқ янги даврда уйғонди: собиқ президенти Саддам Ҳусайн инсониятга қарши қатор жиноятлар, жумладан, курдлар ва шиаларнинг оммавий ўлдирилиши айблови билан қатл этилганди.Саддамни ҳокимият тепасига партия олиб келганди. Ёш Ҳусайн 1950 йиллар охирида «Баас» — Араб социалистик уйғониш партиясига аъзо бўлган. Сиёсий ҳаракатнинг ғояси социализм, панарабизм ва империалистларга қарши кураш аралашмасидан иборат эди. Саддам ҳарбий қобилиятлари, жасурлиги, шунингдек, кутилмаган сиёсий иқтидори билан тезда юқорига кўтарилган.
1968 йилги тўнтаришдан кейин ҳокимият тепасига баасистлар келган, Саддам эса бош вазир ўринбосарига айланиб, мамлакатдаги иккинчи одамга айланган. 1979 йилда ҳокимият Ҳусайн қўлида мустаҳкамланганидан сўнг Ироқда сиёсий мафкуралаштириш жараёни кучайган. Мамлакатда универсал партияни тузиш ишлари муваффақиятли олиб борилган. 1986 йилда унга 1,6 миллион одам аъзо бўлган, 2003 йилга келиб ушбу рақамлар 4 миллионга — Ироқ аҳолисининг 16 фоизига етган.
Ҳокимият тепасига келган Ҳусайн диний ва дунёвий давлат ўртасида мувозанатни ушлашга интилган. Аввалига «Басс» дунёвий давлат тамойиллари асосида қурилган, бироқ чуқур диний араб давлатларда бундай тамойиллар билан иш олиб бориш жуда қийин эди. 1970 йилларда дин муҳим рол ўйнамаган, исломгача бўлган Месопотамиянинг маданий меросига эътибор қаратилган, қадимги Бобил шоҳлари фаол равишда улуғланган.
Саддам атрофдагилар билан мулоқотда ўзини шоҳ Навуходоносор билан таққослаб турган. Партиянинг ички ҳужжатларида амалдорларга аҳоли билан мулоқотда диний мавзуларда гапириш тақиқланган.
«Худо ҳаққи, сиёсат билан шуғулланиб дин ортига яширинадиганларга ишонмайман. Мен буни қабул қилмайман», — деганди Саддам Ҳусайн.
Оқибатда шиа мазҳабидаги тузилмалар репрессияга учрай бошлаган. 1977 йилда Ашуро байрамига йиғилган шиалар куч ишлатиш орқали тарқатиб юборилган. Шиалар жамияти манфаатларини ифода этувчи «Дава» партияси йўқ қилиниб, унинг етакчилари қатл этилган.
Мамлакат ичидаги вазият ёмонлашгани ва «Баас» режимининг ташқи изоляцияси кучайган сари Ироқ ҳукумати аҳолининг диний туйғулари билан тобора кўпроқ ўйнаша бошлаган. 1990 йилда Кувайт эгалланганидан бир неча ҳафта ўтиб, Ҳусайн телевидение орқали чиқишида ушбу ҳаракатни «Аллоҳнинг инояти» деб атаган.
Ҳусайннинг суверен ҳукмронлигининг бошланиши нефть экспорт қилувчи мамлакат сифатида Ироқ учун энг қулай даврга тўғри келди. 1973 йилги араб нефть эмбаргоси натижасида Ғарбнинг «Охирзамон уруши»да Исроилни қўллаб-қувватлаши натижасида нефть нархи кескин ошган. Эронга қарши уруш бошланишидан бироз олдин (1980-1988) у рекорд даражадаги бир баррель учун 132 долларга етган (ҳозирги курс бўйича нефть нархи фақат 2008 йил бошида юқори эди — баррели учун 173 доллар). 1979 йилда Ироқ ялпи ички маҳсулоти 54 миллиард долларни ташкил этиб, тарихий энг юқори даражага етган.
Саноат ва қишлоқ хўжалигига йўналтирилган инвестициялар ривожланаётган мамлакат учун паст даромад келтирган. 1970 йилларда бу кутилмаган нефть даромадлари ҳисобига қопланди, аммо Эрон билан уруш бошланганидан кейин улар тезда пасайиб кетган. Ироқ иқтисодиёти турғунлик босқичига кирган.
Ҳусайннинг ҳарбий найранглари нафақат оддий ироқликлар, балки мамлакат иқтисодиёти учун ҳам фалокатга айланган. Асли ироқлик бўлган америкалик тадқиқотчи Аббос Ал-Насравийнинг ҳисоб-китобларига кўра, 1986 йилга келиб, мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги нефть даромадларининг улуши 20 фоизгача тушиб кетган. Амалда бу Ироқ бюджетига урушгача бўлган 35 миллиард доллар ўрнига атиги 3 миллиард доллар тушганини англатарди. Шу билан бирга, ҳарбий харажатларнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 57 фоизга етган.
1989 йили ҳарбий ҳаракатлар тугагунга қадар, илгари хорижий кредитлар учун деярли ариза топширмаган мамлакат молиявий қулликка тушиб қолганди. Барча кредиторлар олдидаги қарзларнинг умумий миқдори 81 миллиард долларни ташкил этган. Бу маблағдан Ироқ Саудия Арабистони ва Кувайтга 40 миллиард, Ғарб давлатларига 30 миллиард, Совет Иттифоқи ва унинг шерикларига 11 миллиард қарз бўлган.
Саддам замонавий Ироқ ва унинг муаммоларининг ҳақиқий отасига айланган. Нефть долларидан тушган ортиқча фойда иқтисодиётнинг нодавлат тармоқларини ривожлантиришга эмас, балки бир қатор муваффақиятсиз урушларга сарфланган. Мамлакатнинг ҳуқуқий тизими вайрон бўлган, унинг ўрнига Саддамнинг партияси ва унинг атрофидагилар келган. Суннийлик имтиёзлари ва курдлар масаласида ҳақиқий муросага келишдан бош тортиш Курдистоннинг мамлакатдан чиқиб кетишига ва сунний—шиа тўқнашувига олиб келганди.
Чикагода 600 дан ортиқ инсон умрига зомин бўлган театр ёнғини
1903 йил 30 декабрь куни Американинг Чикаго шаҳридаги «Ирокез» театрида ёнғин юз берганди. Бу вақтда Drury Lane мюзикли намойишини томоша қилиш учун 2 мингдан ортиқ одам тўпланган. Фожиа оқибатида 602 киши ҳалок бўлганди. Мазкур театр ёнғини АҚШ тарихидаги энг ҳалокатли ҳисобланади.Мазкур томошага кутилмаган даражада кўп одам ташриф буюрган. Театр 1602 киши учун мўлжалланган бўлишига қарамай, шу куни томошабинлар сони 2 100—2 200 атрофида эди. Ҳатто бинонинг орқа қисмидаги «туриб томоша қилиш» жойлари ҳам тўлган, томошабинлар ўтиш йўлларини тўсиб қўйган.
Бундан ташқари, классларни бир-биридан ажратиш мақсадида қўйилган темир панжаралар ёпилган эди. Соат 15:15 ларда иккинчи акт бошланиши билан саккиз эркак ва яна шунча аёл саҳнага чиққан. Ой вазифасини бажарган лампадан учқунлар сачраб, театр пардасига тушган. Саҳнадаги кўнгилли навбатчи ўт ўчиргич билан оловни ўчирмоқчи бўлган, бироқ у фойда бермаган.
Олов кутилмаган даражада тез пардадан саҳна тепасидаги галереяга кўтарилган, у ерда эса бир неча минг квадрат фут тез ёнувчан декорация матолари бор эди. Менежер асбестдан ишланган ёнғинга қарши махсус пардани туширишга уринган, бироқ у қотиб қолганди. Кейинроқ аниқланишича, ушбу пардани саҳна аркаси ортида жойлашган ёруғлик қайтаргич тўсиб қўйган.
Бу вақтда ўз чиқишини бошламоқчи бўлган комик актёр Эдди Фой саҳнага югуриб чиқиб, томошабинларни ваҳима кўтармасликка чақирган. Шифтдан ёнаётган декорация бўлаклари қулаб тушишни бошлаган бўлса-да, у оркестрга шўх мусиқа чалишни буюрган.
Аниқланишича, фавқулодда ҳолатлар учун чиқиб кетишга мўлжалланган барча 30 та эшик ёпиб қўйилганди. Одамлар уларнинг иккитасини синдиришга муваффақ бўлган, қолганларини очиш имконсиз эди. Шу сабабли томошабинларнинг кўп қисми тиқилинчда қолиб ҳалок бўлган.
Актёрлар орқа чиқишдан чиққанларида, совуқ шамол бино ичига кириб, олов кучини анча оширган. Кўпчилик театрдан ечиниш хонасининг деразалари орқали қочиб кетган, бошқалари эса ғарбий саҳна орқали чиқишга ҳаракат қилган. Актёрлар чиқишга уриниб, эшикни босганларида, у ичкарига очилган ва тиқилиб қолган. Тасодифан ўтиб кетаётган темир йўл агенти оломоннинг эшикни босганини кўриб, одатда ўзи билан олиб юрадиган асбоблари билан ташқи илмоқларни ечиб, актёрлар ва томошабинларнинг қочишига ёрдам берган.
Кимдир саҳнанинг шимолий қисмидаги юк ташиш учун мўлжалланган эшикларни очган ва бинога кирган кучли шамол оловнинг ёйилишига хизмат қилган. Саҳна ортида оловли девор пайдо бўлган.
Соат 15:33 ларда Чикаго ўт ўчириш департаменти махсус операцияни бошлаган. Аммо эвакуация ишлари театр шимолий қисмидаги зиналар қуриб битказилмагани боис қийинлашган. Бу вақтга келиб одамлар қуюқ тутунга бўғилиб оммавий ўлишни бошлаган. Ёнаётган бинодан чиқишга муваффақ бўлган кўплаб одамлар куйиш жароҳатлари туфайли вафот этарди.
Ҳисоб-китобларга кўра, ёнғин куни 575 киши ҳалок бўлган, яна 30 га яқин томошабин олган куйиш жароҳатлари ва тутундан заҳарланиш белгилари билан шифохонада вафот этган. Театр ходимларидан эса жами 5 киши ҳалок бўлган. Ишчилар барча чиқиш йўллари қаерда жойлашганини аниқ билганликлари боис уларнинг катта қисми орқа эшикдан чиқиб кетишга улгурганди.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)