Туркия дронлари Ироқ шимолидаги Сулаймония вилоятига ҳужум қилиб, Курдистон ишчилар партиясининг икки аъзосини ўлдирди. Бу ҳақда курд хавфсизлик хизматидаги манбаларга таяниб, Al Arabiya News ва Rudaw хабар бермоқда.
Курд хавфсизлик хизматидаги манбанинг айтишича, зарба Сулаймония ғарбидаги Чамчамал шаҳрида жойлашган КИП позицияларига берилган. Rudaw манбаси эса ҳужум шу вилоятдаги Агжалар шаҳрида содир этилганини таъкидлади. Агжалар шаҳри мери Хемин Бахжат ҳужум ҳақида ҳеч нарса билмаслигини, расмийлар қурбонларни топмаганини айтди. Айни пайтда у яқин атрофдаги Чнарту қишлоғида ёнғин юз берганини қўшимча қилди
Reuters агентлигига курд хавфсизлик хизматининг хабар беришича, Туркия чегарасидаги Амадия шаҳри яқинида бошқа бир дрон ҳужуми оқибатида КИП аъзоси ҳалок бўлган, яна бири яраланган.
Маълумот учун, Туркияда КИП аъзолари террорчи деб эълон қилинган, улар бўлгинчиликда айбланади. Анқара Ироқ шимолига мунтазам равишда ҳаво ҳужумлари уюштириб, гуруҳ постларига ҳужум қилади.
2022 йил ноябрь ойида Туркия Ироқ ва Сурия шимолидаги курдлар жойлашган ҳудудларда “аксилтеррор операцияси”ни ўтказди. Расмийларнинг таъкидлашича, “террорчилар ушбу ҳудудлардан Туркияга ҳужумлар учун база сифатида фойдаланган”.
Изоҳ (0)