Россиянинг Ленинград вилояти, Всеволожск шаҳридаги ҳарбий комиссариатга ўт қўйишга уринганликда айбланаётган пенсионер ўз квартирасида ўлик ҳолда топилди, деб хабар бермоқда “Фонтанка” ва “Маш на Мойке” Telegram каналлари.
Хабарларга кўра, 76 ёшли эркак ўз жонига қасд қилган.
Марҳум 2 август куни Молотов коктейли (қўлбола портловчи модда) билан ҳарбий хизматга чақирув бўлимига ўт қўймоқчи бўлган. Бинога яқинлашиб, бир дақиқадан кўпроқ вақт давомида учқун чиқаришга ҳаракат қилган, аммо якунда у фақат оёғи остидаги ерга ўт қўя олган. Ҳарбий комиссариат биносида бўлган Россия гвардияси ходимлари оловни оёқлари билан ўчирган ва эркакни ҳибсга олган, деб ёзади “Фонтанка”.
Эртаси куни пенсионерга нисбатан ўзганинг мулкини ўт қўйиш орқали қасддан йўқ қилиш моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. У судга келиш ваъдаси билан озод қилинган.
“Маш на Мойке” нашрининг ёзишича, пенсионерни бундай қонунбузарликка фирибгарлар мажбурлаган, ундан аввал улар эркакни квартирасини сотишга кўндирган. Ўша квартирада пенсионер ўзини ўзи бўғиб ўлдириш белгилари билан топилган.
Июль ойи охиридан буён Россияда 28 дан ортиқ ҳарбий комиссариат бўлимларига ўт қўйилди. Ўт қўйишга урингани учун ҳибсга олинганларнинг кўпчилиги “ФХХ ходимлари” номидан кўрсатма берган фирибгарларнинг қурбони бўлганини даъво қилмоқда.
Изоҳ (0)