Ҳиндистон Покистонга оқиб ўтадиган учта дарёнинг “ортиқча суви”ни ўзининг Панжоб, Харяна ва Ражастхан штатларига йўналтирмоқчи. Бунинг учун 113 километр узунликдаги канал қуриш бўйича техник-иқтисодий асослаш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда манбаларга таяниб, NDTV хабар берди.

Лойиҳа 1960 йилда Ҳиндистон ва Покистон ўртасида имзоланган Ҳинд дарёси сувлари тўғрисидаги келишув доирасида амалга оширилмоқда. У Желум, Ченаб ва Ҳинд дарёлари сувидан “самарали фойдаланишга” қаратилган. Айни пайтда Ҳиндистон бу дарёлар сувининг катта қисмидан фойдаланмайди. Чунки уларнинг табиий йўналиши мамлакат учун “кам фойдали” бўлган траектория бўйлаб ўтади.
Лойиҳада “ортиқча сув”ни чиқариб юбориш учун янги каналлар қуриш кўзда тутилган. Ҳинд дарёси сувларини уч йил давомида каналлар орқали Ражастхан штатининг Ганганагар шаҳрига йўналтириш ҳақида 14 июнь куни ички ишлар вазири Амит Шоҳ маълум қилганди. У Покистон “ҳар бир томчи сувга ташна бўлишини” қўшимча қилган.
Канални Ямуна дарёсига улаш таклифи ҳам кўриб чиқилмоқда, бу унинг узунлигини 200 километргача узайтиради ва сувни Гангасагаргача ташиш имконини беради.
22 апрель куни Кашмирда юз берган ҳужумдан сўнг Ҳиндистон Исломободни трансчегаравий терроризмда айблаб, Ҳинд дарёси сувлари бўйича битимни тўхтатиши мумкинлигини билдирганди. Покистон бу айбловларни рад этган. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди эса: “Сув ва қон бирга оқиши мумкин эмас”, дея қатъий позицияни билдирган.
Май ойида Ҳиндистон Боглихар тўғонидан Покистонга оқадиган Ченаб дарёси сувини тўсиб қўйганди. Шунга ўхшаш чоралар Желам дарёсидаги Кишанганга тўғонида ҳам амалга ошириш режалаштирилган.
Изоҳ (0)