АҚШда ўқиш учун виза олмоқчи бўлган хорижлик талабаларнинг ижтимоий тармоқларини текшириш мажбурий бўлади. Бу ҳақда давлат котиби Марко Рубио томонидан имзоланган дипломатик нотага таяниб, Politico хабар берди.

Ҳужжатга кўра, Америка элчихоналари ва консулликларига талабалар ҳамда алмашинув дастурлари визалари (Ф, М ва Ж тоифалари) учун янги суҳбатларни ўтказишни вақтинча тўхтатиш топширилган. Ушбу қарор ижтимоий тармоқларни мажбурий текширишни кенгайтиришга тайёргарлик кўриш доирасида қабул қилинган.
Ташаббус амалиётга жорий этилса, виза бериш жараёнини анча секинлаштириши ва хорижлик талабалар ҳисобига даромад оладиган кўплаб университетларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Аввалроқ АҚШ президенти маъмурият ижтимоий тармоқларни текшириш бўйича баъзи талабларни жорий қилган эди. У Исроилнинг Ғазодаги амалиётига қарши намойишларда иштирок этишда гумонланган талабаларга нисбатан жорий этилганди. Ижтимоий тармоқларда айнан нималар текширилишига аниқлик киритилмаган. Ҳужжатда терроризм ва антисемитизмга қарши курашга қаратилган фармонлар тилга олинган.
Давлат департаментидаги кўплаб ходимлар текширувлар бўйича аввалги кўрсатмаларнинг ноаниқлигидан шикоят қилган. Масалан, Х ижтимоий тармоғида Фаластин байроғи тасвирининг эълон қилиниши аризани қўшимча кўриб чиқиш учун асос бўлиши мумкинми ёки йўқлиги тушунарсиз.
Танқидчиларга кўра, Трамп маъмурияти бундай қоидалардан университетларга, хусусан, Гарвард каби элита муассасаларига босим ўтказиш учун фойдаланади.
26 май куни АҚШ президенти Дональд Трамп Гарвард университетини 3 миллиард долларлик грант маблағидан маҳрум қилиши мумкинлигини маълум қилди ва унинг хорижлик талабаларини танқид қилиб, “антисемитизм”да айблади. 22 май куни АҚШ президенти маъмурияти Гарвард университетининг хорижлик талабаларни қабул қилиш ҳуқуқини расман тўхтатди.
23 май куни АҚШдаги суд Гарвардга нисбатан қўйилган хорижий талабаларни қабул қилиш тақиқини вақтинча тўхтатиб турди. Гарвард университети Трамп маъмуриятига қарши 10 банддан иборат даъво аризаси киритди. Улар орасида маъмурий тартиб-қоидалар тўғрисидаги қонун ҳамда АҚШ конституциясининг сўз ва йиғилиш эркинлиги ҳақидаги биринчи тузатиши бузилиши мавжуд.
Изоҳ (0)