“Ракурс” подкастининг янги сонида жамоат фаоли Ақида Хоним ва ҳуқуқшунос Баҳодир Аҳмедов иштирок этиб, Ўзбекистонда аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқи ва жамиятимизда уларга нисбатан бўлаётган баъзи номақбул муносабатлар мавзусида фикр алмашилди.
“Аёлларда журъат шаклланяпти”
Ақида Хоним Марказий Осиёда Ўзбекистон биринчилардан бўлиб шилқимлик учун жазо қўллаётгани ҳақида гапирди.

— Кейинги пайтларда ОАВда шилқимлик ҳолатлари учун жавобгарликка тортилган инсонлар ҳақидаги хабарларни ўқияпмиз. Аммо бу шилқимлик кўпайди дегани эмас, у аввалдан бўлган.
Шунчаки қиз ва аёлларда журъат шаклланди ва бу ҳақида айта олишяпти. Авваллари аёллар бу ҳодиса ҳақида бировга айтса, уларнинг ўзларини айблашарди. Менимча, ҳар 2-3 аёл шундай вазиятга тушган, аммо бу ҳақида гапира олмаган.
Эмоцияга берилиб, шилқимликни содир этаётган шахсларга нега 5 сутка жазо қўлланиляпти, дейишимиз мумкин. Аммо шу вақтгача бундай вазиятларга эътибор ҳам берилмаганини ҳисобга олсак, ёмон натижа эмас. Ақл-ҳуши жойида бўлган инсон 5 суткалик жазодан ўзига тегишли хулосани чиқаради, дейди Ақида Хоним.
“Ажрим — шантаж воситаси бўлиб қолганди”
Ҳуқуқшунос Баҳодир Аҳмедов рақамларда камайтирилган ажримлар ва ўзини оқламаган яраштирув комиссиялари ҳақида гапирди.

— Илгари жиноятларни сунъий равишда камайтириш учун рўйхатга олмаслик ҳолатлари бўларди. Яъни қайсидир ҳудудда жиноят кўтарилиб кетса, у ердаги масъуллар ишламаяпти, деб қабул қилинган. Табиийки, масъуллар ишлаётганини исботлаш учун қоғоздаги рақамларни камайтирган. Ҳозир худди шу тартиб оила институтлари томонидан ҳам амалга оширилмоқда. Бундай фаолиятни кескин қоралайман ва бу ўз-ўзини алдашдан бошқа нарса эмас деб ҳисоблайман. Эр-хотин ўз ихтиёри билан ажрашишни истаса, қонунчилик томондан тахминан 2 йилга яқин вақт кетарди. Бу қайсидир маънода босим ўтказиш, шантаж воситаси ҳам бўлиб қолганди.
Энди эса эр-хотин суд остонасига боришдан аввал жиддий ўйлайди, ота-оналар ҳам бор масъулиятни болага ташлаб, ўзи қарор қабул қилишига қўйиб беришади. Эр зўравон бўлса ёки жуфтликлар бир-бирини тушунмаса, уларни яраштирув комиссиялари томонидан мажбуран яшатишдан фойда йўқ. Бу жараёнлар ўзини оқламагани, аксинча зўравонлик ҳолатлари ортганига гувоҳ бўлдик.
Тўғри ажрим ёмон, аммо қонунчиликда давлат бунга эмоционал кўз билан қарамаслиги керак, дейди Баҳодир Аҳмедов.

Подкаст давомида фарғоналик эркак 8 ёшли (ўғил бола) ўз жиянини зўрлагани, ота-она бунга чора кўрмагани, Самарқандда кетма-кет келинлар ўлими билан боғлиқ суидцидлар ҳақида ҳаётий мисоллар ҳам келтирилди.
Бундан ташқари руҳий ва жисмоний зўравонлик, оилада қизларнинг камситилиши ҳақида ҳам гапирилди. Шу боис суҳбатни тўлиқ видео шаклида томоша қилишингизни ва ўз фикрларингизни изоҳларда ёзиб қолдиришингиз мумкин.
Изоҳ (0)