Афғонистон ва Ўзбекистон хусусий секторлари ўртасидаги қўшма ишбилармонлик учрашувида умумий қиймати 20 миллион доллардан ортиқ бўлган 45 та савдо ҳамкорлик меморандумини имзолади. Бу ҳақда Ariana News хабар берди.

“Толибон” ҳукумати вакилларига кўра, мазкур битимлар икки давлат ўртасида инвестиция ва савдо ҳажми ошишига олиб келади. Афғонистон саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуруддин Азизи Ўзбекистон билан савдо ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш режалаштирилганини айтди.
Афғонистон ва Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар тарихда камдан-кам учрайдиган мисли кўрилмаган даражага етди, деди у.
Ўзбекистоннинг Кобулдаги элчиси Ойбек Усмонов ҳам икки томонлама савдо алоқаларини янада кенгайтириш режалаштирилганини билдирди. Унга кўра, 2025 йил давомида Кобул ва Тошкент ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми уч баробарга ошган.
Жорий йилнинг биринчи ярмида Афғонистоннинг Ўзбекистонга экспорти 300 фоизга кўпайди. Биз яқин йилларда савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказишга тайёрмиз, деди Усмонов.
Учрашув якунида икки давлат хусусий сектори вакиллари қуйидаги масалаларга эътибор қаратди:
- визалар бериш тартибини соддалаштириш,
- имтиёзли тарифларни жорий этиш,
- инвесторлар учун қўллаб-қувватловчи инфратузилма яратиш,
- шартномалар ижросини мустаҳкамлаш,
- Кобул ва Тошкент ўртасида қўшма савдо палаталарини ташкил этиш.
Изоҳ (0)